Таъкидланишича, препарат “Ҳайвонлар соғлиғини сақлаш федераль Маркази” (ФГБУ “ВНИИЗЖ”) томонидан ишлаб чиқилган.
— Ўтган йилнинг октябр ойида бошланган “Карнивак-Ков”нинг клиник синовларига итлар, мушуклар, арктик тулкилар ва бошқа ҳайвонлар жалб этилган. Тадқиқотлар натижалари вакцинанинг зарарсизлиги ва унинг юқори самараси тўғрисида хулоса қилишга имкон беради. Тадқиқотга жалб қилинган барча ҳайвонларда 100 фоиз ҳолларда коронавирусга қарши антитанача ишлаб чиқилган, — деди мутахассис.
Энди олимлари препаратни қабул қилганидан кейин иммунитет қанча вақт давомида ишлаб чиқилишини ўрганишни давом эттирмоқда. Савенковнинг сўзларига кўра, ҳозирча бу кўрсаткич камида олти ойни ташкил қилмоқда.
“Апрел ойидан бошлаб вакцинани оммавий ишлаб чиқаришни бошлаш мумкин. Бу ҳайвонлар соғлиғини сақлаш федераль марказининг дори-дармонлар ишлаб чиқариш бўйича мамлакатдаги энг йирик платформаси асосида ишга туширилади”, дея қўшимча қилди у.
Мутахассис вакцинанинг алоҳида аҳамиятга эга эканлигини тушунтирди. Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлиғини сақлаш ташкилоти таъкидлаганидек, баъзи ҳайвон турлари коронавирусга сезгир бўлиб, кўплаб мамлакатларда ҳайвонларда COVID-19 касаллиги қайд этилган.
Россиялик олимларнинг фикрига кўра, ҳайвонларнинг эмланиши вирус мутациясининг ривожланишига тўсқинлик қилиши мумкин, бу кўпинча патогеннинг турлараро юқиши пайтида юзага келади.
“Шуни таъкидлаш керакки, ҳайвонлардан одамларга коронавирус инфекцияси юқишига оид илмий далиллар мавжуд эмас, бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бир неча бор хабар берган”, деди мутахассис.
Бундан ташқари, унинг таъкидлашича, ҳайвонлар коронавируснинг COVID-19 дан бошқа баъзи турларини ҳам юқтиришлари мумкин.