Коронавирусга қарши эмлашнинг дастлабки босқичида энг аввало тиббиёт ходимлари ва мамлакатнинг кекса аҳолиси эмланади. Бу ҳақда Россия соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Олег Гриднев маълум қилди.
Гамалея марказида ишлаб чиқилган вакцинани рўйхатдан ўтказиш 12 августда амалга оширилади. Айни пайтда охирги, учинчи босқич синовлари олиб борилмоқда.
Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, мутахассислар аҳолининг иммунитети шаклланганда препаратнинг самарадорлигини баҳолай олади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко мамлакатда оммавий эмлаш октябрь ойида амалга оширилиши режалаштирилганини айтганди. Унга кўра, барча харажатлар давлат бюджети ҳисобидан қопланади.
18 июнь куни Сеченов университетида Гамалея номидаги миллий эпидемиология ва микробиология илмий маркази томонидан ишлаб чиқилган вакцинанинг клиник синовлари бошланди. 38 нафар кўнгилли иштирок этган тадқиқотда унинг хавфсизлиги тасдиқланди.