Мамлакатимиз Бош консулхонаси Фарғона вилояти ҳокимлиги билан биргаликда 30 июнь - Ёшлар куни муносабати билан хорижда вақтинча меҳнат қилаётган ва таълим олаётган ватандошлар иштирокида видеоконференция уюштирди.

Унда Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари - вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Иқболжон Эргашев, Бурятия Республикаси, Красноярск ўлкаси, Новосибирск, Омск, Кемерово вилоятларидаги ўзбек диаспораси ташкилотлари раҳбарлари, фаол ватандошлар, савдо-иқтисодиёт, қурилиш, маданият ва бошқа соҳаларда вақтинча меҳнат қилаётган фуқаролар, шунингдек, ўзбекистонлик талаба-ёшлар иштирок этди.

Видеоконференция давомида, шунингдек, юртдошларимиз мамлакатимизда инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш таклифларини ҳам билдирди.

Жумладан, Кемерово вилоятидаги «Магнит» кўп тармоқли савдо маркази менежери вазифасида ишлаб келаётган Неъматилло Мусаев Ўзбекистоннинг мева-сабзавот ҳамда тўқимачилик маҳсулотларининг тўғридан-тўғри экспортини йўлга қўйиш режасини маълум қилди.

Консуллик ҳудудида вақтинча меҳнат қилаётган тадбиркор Бекзод Ҳайдаров эса Ўзбекистонга инвестиция киритиш йўли билан қурилишда ишлатиладиган электр жиҳозларининг улгуржи савдосини таъминловчи омбор ташкил этиш, Рауфжон Норқўзиев Данғара тумани Оқ-жар МФЙ «Капасарой» маҳалласида ташкил этган фермер хўжалигини янада ривожлантириш борасида амалий кўмак сўради.

Таклифлар юзасидан Бош консулхона ва Фарғона вилояти ҳокимлиги мутасаддилари ватандошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашларини таъкидлади, деб хабар беради «Дунё» АА.