Шу йилнинг 22 февраль куни куни соат 06:00ларда Перм ўлкасининг Оса туманида давлат рақами 75В435NA “Ladа Largus” русумли автомашинасида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва “Симаз” автобуси иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.

Маълум қилинишича, оқибатда 3 нафар Ўзбекистон фуқароси — Э.Ф. ва Ж.А. воқеа жойида, О.А. эса оғир жароҳатлар сабабли касалхонада вафот этган.

Яна уч нафар ўзбекистонлик — С.Б., Р.М.ва К.Ф. турли хил тан жароҳатлари билан Перм ўлкасининг Оса марказий туман шифохонасига жойлаштирилган ва ҳозирда тиббий муолажалар олмоқда.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан ҳолат назоратга олинган бўлиб, вафот этган фуқаролар жасадларини ватанга тезкор равишда қайтариш ишлари якунланган. Жабрланганларга эса тиббий муолажа кўрсатиб келинмоқда.