Аввал хабар қилинганидек, ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси – Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти мудири М.Хайриддинов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Муҳитдинов, мамлакатимизнинг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Б.Асадов ва Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги вакиллари иштирокида музокаралар ўтказилди.

Учрашувда Россияга кириши тақиқланган ёки маҳаллий миграция қонунчилиги талабларини бузган Ўзбекистон фуқароларини афв қилиш масаласи кўриб чиқилиб, ижобий ҳал қилишга эришилди.

Россия ИИВ берган маълумотга кўра, ушбу давлатда тақиққа тушиб қолиш эҳтимолидан қочиб юрган, яъни рўйхатда турмаган 500,0 минг нафар фуқароларимиз бор.

Ўзбекистон делегациясининг ташрифи доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.