Маълумки, Президентимиз раислигида жорий йил 17 август куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Маориф вазирлиги ўртасида “Ўзбекистон Республикаси мактабларида рус тили фанини ва умумтаълим фанларини рус тилида ўқитиш сифатини ошириш" лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди.
 
Лойиҳанинг биринчи босқичида икки томон келишувига асосан 6 октябрь куни А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети томонидан 32 нафар россиялик мутахассис мамлакатимизга етиб келди. Эндиликда улар декабрь ойи якунига қадар вилоятларда халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, ҳудудий марказлардаги умумтаълим мактабларида рус тили фани ва умумтаълим фанларини рус тилида ўқитиш сифатини ошириш бўйича маҳаллий ўқитувчилар билан биргаликда фаолият олиб боради.
 
Шунингдек, лойиҳа доирасида Россия давлат педагогика университети профессор-ўқитувчилари ва мутахассислари октябр-ноябрь ойларида мамлакатимиздаги 4 минг нафар рус тили ўқитувчисининг касбий эҳтиёжларини сўровнома орқали ўрганиш кўзда тутилган. Сўровнома орқали рус тили ўқитувчиларининг билим даражаси, рус тили фанига оид ўқув-методик таъминот ҳамда масофадан таълим олиш учун мавжуд шароитлар ўрганилади. Ушбу ўрганиш асосида келгусида россиялик мутахассислар иштирокида уларнинг малакалари оширилади.
 
2021 йилдан бошлаб эса республикамизнинг 203 та туман (шаҳар)идаги 529 та таянч мактаби негизида 300-400 нафар россиялик тренерлар томонидан ўқитувчиларимиз малакасини ошириш кўзда тутилган.
 
Гулноза БОБОЕВА