Осиё қитъасининг 30 дан зиёд давлатидан вакиллар иштирок этган йиғилишда бир қатор масалалар кўриб чиқилди. Жумладан, 2022 йил давомида ўтадиган қитъа мусобақалари, "Париж–2024" ўйинлари ҳамда янги олимпиада цикли учун қитъа қиличбозлари ташкилотининг раҳбарияти ва ижроқўм аъзоларини сайлаш масаласи ҳам муҳокама этилди.
Делегатларнинг овоз бериш натижасига кўра, Бирлашган Араб Амирликлари қиличбозлик федерацияси раҳбари Шайх Салим Султон Ал-Қосимий Осиё қиличбозлик конфедерацияси президенти этиб сайланди.

Ўзбекистон қиличбозлари учун аҳамиятлиси, вице-президентликка номзодларга овоз бериш жараёнида Миллий олимпия қўмитаси раиси, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов қитъа қиличбозлик конфедерациясининг вице-президенти этиб сайланди.
Йиғилиш давомида "Токио-2020" олимпия ўйинларида ҳакамлик қилган ҳамюртимиз Аида Ҳасанова конфедерациянинг ҳакамлар, Ортиқ Бўриев эса техник комиссияси аъзолигига қабул қилинди, дейилади olympic.uz сайти хабарида.
Бош ассамблеянинг кун тартибига мувофиқ яна бир қатор янги ўринлар учун вице-президентлар, ташкилотнинг бош котиби, ижроия қўмита аъзолари овоз бериш йўли билан сайланди.