Экспертлар таъбири билан айтганда, бунга икки омил сабаб бўлиши мумкин: биринчиси тестларнинг натижага йўналтирилмагани; иккинчиси таълим тизими мазмунининг бу тестларга боғланмагани. Ҳар икки версияда ҳам тадқиқотчилар ва баҳоловчилар натижани халқаро тажриба мезонларига таяниб тадқиқ этиши, мунтазам мониторинг қилиши, очиқ медиада эълон қилиб бориши орқали ҳолатни ўнглаш мумкин. Бунинг учун соҳа вакиллари аутсорсинг қилиниши мақсадга мувофиқ. Чунки чет эллик мутахассислар ёки халқаро ташкилотлар халқимиз тили ва маданиятини, қаерда қандай тадқиқот ўтказиш мумкинлигини ҳар доим ҳам тушунавермайди.

Масалан, миллий ташкилотлардан баъзиларининг экспертлари таълим менежменти ва ўқитишда сифат масалаларини халқаро даражада тадқиқ қилади ва бу борада анча ишларни йўлга қўйган. Ҳар бир ўқув муассасаси менежменти келтирилган индикаторларни тахминан ўзи учун ҳам белгилаб олиши ва ички тадқиқот ишларини йўлга қўйиб бориши мақсадга мувофиқ.

Бошқарув тизимида чет тилларни ўрганишни жорий этиш ва халқаро таълимда халқаро ISО стандарти менежментини татбиқ қилиб бориш, барча ўқитувчиларнинг ўзбек ва чет тилларни пухта билишига интилишини қўллаб-қувватлаш, профессионал даражада такомиллашиши учун турли уюшмалар билан ҳамкорлик ўрнатиш таълимдаги сифатни такомиллаштиришга хизмат қилиши мумкин.

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (собиқ ДТМ) натижалари бўйича фикрни давом эттирсак. Бу йўналишда халқаро талаблар доирасида ишлаш ўта муҳим. 2023 йилда энг ёмон кўрсаткич Сирдарё вилоятида (54,9 фоиз), нисбатан яхшироқ натижа эса худди ўтган йилдагидек Тошкент шаҳрида (40,8 фоиз) қайд этилган. Саккиз ҳудудда абитуриентларнинг 50 фоиздан кўпроғи 56,7 баллдан паст балл олган. Шу ўринда савол туғилади: фақат шу рақамларга қараб иш тутиш бизни энг асосий тадқиқотлардан чалғитиб қўймаяптими? Нега масаланинг сабаблари ўрганилмай, қайта-қайта ўша тестлардан фойдаланилмоқда?

Таълимдаги сифат пасайиб кетаётганининг асосий сабаблардан бири ҳам шунда, деб биламиз. Тест тизими “ёд олинган билимни баҳолаш”, холос. У бугун халқаро тизимдан чиқариб ташланган. Гап шу ҳақда кетаркан, ҳақли саволлар пайдо бўлади. Масалан, Ўзбекистон меҳнат бозорида дипломли мутахассислар кўп, лекин уларнинг неча фоизи меҳнат бозорида лаёқатли инсон капитали сифатида тан олинган? Давлатнинг 3 ёшдан 18 ёшгача ижтимоий ҳимоя қилгани бадалини, аниқроғи, мажбурий таълим доирасида фуқаролар ва тадбиркорларнинг солиқларидан шаклланган ижтимоий харажатни бундай кадрлар қачон қоплайди? Иқтисодий легитимлилиги юқори давлатларда бундай кадрлар пенсия ёшига етгунига қадар давлат сарфлаган харажатни 3–4 баробар қилиб қайтарар экан. Биздаги кадрлар-чи?

Бунинг ечимини янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонунимиздан топиш мумкин. Унда “Ҳаёт давомида таълим” концепцияси илгари сурилган. Айнан ҳаёт давомида таълим ҳисобига қисқа муддатда барча соҳа эгаларининг малакасини яхлит тизимга тушириб олишимиз имкони мавжуд. Бунинг учун давлат юртимиздаги экспертлар жамоасига (давлат органларига эмас) буюртма бериши ва бир гуруҳ олимлар бу муаммога конструктив босқичма-босқич ечим бериши мумкин. Бунинг учун зарур бўлсагина чет элдан келган халқаро мутахассисларни жалб этса бўлади. Йўқса, бу масалани аниқ регламент асосида фақат Ўзбекистондаги таълим соҳаси бўйича мустақил экпертлар холисона ҳал этиши мумкин. Бунинг номи шартли равишда RVА деб номланади.

RVА (инглиз тилидан олинган сўзлар: recognition — тан олиниш; validation — яроқлилигини таъминлаш; accrediation — аккредитациядан ўтказиш) тизимини жорий этиш ҳисобига янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг амалдаги ижросини кўриш имконияти кенгаяди.

Натижа кўрсата олмаётган, давлат ҳисобига “кун кўраётган” институтлар фаолиятини тўхтатиб, тўлиқ аутсорсингга бериш мақсадга мувофиқ. Натижада педагоглар орасида рақобат пайдо бўлади. Улар мунтазам малака оширади. Малака оширмоқчи бўлганлар эса “мажбурий-ихтиёрий” малака оширишдан, ортиқча қоғозбозликдан озод бўлиб, чин маънода тажриба ошириш учун турли конференция ва семинарлар, курсларга қатнай бошлайди.

RVА механизми мамлакатимизда қисман бўлса-да қабул қилинган. Унинг халқаро меъёрларга тўғри келмайдиган жиҳати шуки, тармоқ кенгашлари тўлиқ давлат органлари орқали бошқарилади. Натижада қилиниши керак бўлган иш ҳам кимдир буюрсагина бажарилади.

“Таълим тўғрисида”ги қонунда формал ва ноформал таълим турига бир хил ҳуқуқ берилган. Лекин бу амалда ишлаши учун RVА тизимига мустақил (халқаро ҳамжамият олдида жавобгарликни зиммасига оладиган) олимлар гуруҳи шакллантирилиб, тажриба-синовдан ўтказилиши, халқаро ҳамжамият томонидан тасдиқланиши, сўнг мамлакатимизда жорий этилиши коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади. Мазкур тизим ҳақида айниқса, иш берувчилар яхши билади.

Ҳар бир малака даражаси ёшлар учун профессионал жиҳатдан бир поғона ўсишни англатади. Ёшлар ўз вақтида оладиган таълимни малака даражасига боғлаш учун ривожланган давлатларда тизимли механизм амалиётда қўлланяпти. Мактабларда компетенция (охир-оқибат малака даражасини шакллантириш)га йўналтирилган таълим тизими жорий этилган. Ҳар бир ўқув муассасасида ишлайдиган ходим ва педагоглар манфаатдор томонлар — иш берувчилар, ота-оналар, психологлар, педагоглар таълим олувчиларда малака даражасини шакллантиришга ҳаракат қилишади. Ҳуқуқий-меёърий ҳужжатлар ҳам шунга мослаштирилган. Яъни педагог, менежер ва таълим олувчиларнинг ҳуқуқи уйғунлаштирилган ва натижага йўналтирилган.

RVА таълимнинг барча шаклларини тан олиш, энг катта ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш учун таклиф қилинган кўплаб ечимлардан биридир. Жумладан, камбағалликни қисқартириш, иқтисодий ривожланиш, иш билан бандлик кўрсаткичини ошириш, ижтимоий инклюзивлик ва ҳамжиҳатлик, шахсий ва касбий ривожланиш ҳамда жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади. Бироқ мамлакатлар кўпинча RVА тизимининг муайян жиҳатига алоҳида йўналиш сифатида эътибор беради ёки битта жиҳатга кўпроқ аҳамият қаратади.

Бундан фарқли ўлароқ, RVА барқарор ривожланиш ва умрбод таълим учун ўқишнинг кенгроқ ва умумий тушунчаларини қамраб олган. Бундай истиқболли ҳаракат ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг турли йўналиш ва мақсадларини бирлаштириш потенциалини мужассамлаштирган интеграциялашган ёндашувни назарда тутади. Шунингдек, ўзини-ўзи ҳурмат қилиш ва масъулиятни ҳис этиш, бирдамлик, мулоқот ва изланиш қадриятларига асосланади. Бир қатор мамлакатларнинг эмпирик далилларидан фойдаланган ҳолда, RVА тизимининг давлатлар ривожланишига қўшган ҳиссасини кўриб чиқиш мумкин.

У муқобил таълимнинг тўлиқ аҳамиятини акс эттирувчи диверсификацияланган ўқитиш тизимини яратишга олиб келади. Кўп давлатларда таълимнинг муҳим қисми сифатида қабул қилинади. Барча ўқувчилар учун тенг ҳуқуқ ва адолатли имкониятларни таъминлаш мақсадида қўлланади. Ўқитиш тизимини ислоҳ қилиш, жараёндан четда қолган одамларнинг расмий таълимдан ташқарида олган билим ва кўникмасини янада ривожлантириш, расмий малакага эришишини таъминлаш учун рағбатлантириш воситаси вазифасини ўтайди.

Баъзи давлатларда RVА халқаро малака талабларига тенглаштирилган миллий малака сертификати учун ишлатилади. Баъзи мамлакатларда олий таълим муассасалари танқислиги туфайли ноанъанавий таълим усулларини тан олишга мажбур бўлинмоқда. У ерда RVА иш билан банд бўлганлар томонидан академик ва касбий ривожланиш учун таълимнинг кейинги босқичига ўтиш ёки чет элда ишлаш ҳуқуқини қўлга киритишда муҳим аҳамиятга эга.

Хўш, бу борада мамлакатимизда нима ишлар қилинмоқда? Европа Иттифоқи, ЮНЕСКО, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти, Швейцария ҳукумати, Осиё ва Европа тараққиёт банклари кўплаб лойиҳалари билан халқаро малакани давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда жорий қилиш учун профессионал таълим педагоглари ва раҳбарларининг малакасини оширмоқда.

Юртимизда биринчи марта дуал таълим жорий этилмоқда. Ушбу лойиҳалар инсон капиталини ривожлантириш учун ажойиб инвестиция. Лекин RVА тизими жорий этилмагани учун таълим бошқарувидаги ўзгаришлар ISО стандартига мослаштирилмаса, кутилган самарага эришиш мушкул. Зеро, бу соҳада миллий экспертлар қилиши мумкин бўлган ишлар кўп. Янги тизим эса жамиятимизни барқарор ривожланиш йўлига олиб чиқадиган асосий ечимлардан.

Феруза РАШИДОВА,

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги қошидаги

Профессионал таълимни ривожлантириш институти

профессори