Қирғизистон Президенти ҳақидаги ҳужжатли фильмда Садир Жапаров қирғиз–тожик чегарасидаги кескин вазият ҳақида тўхталиб, ўзаро муросага келишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг маслаҳати ва вазмин дипломатик ёндашуви аҳамиятли бўлганини таъкидлади.
«Саммитларда ва учрашувларда биринчи бўлиб Тожикистон раҳбарига «келинг, ўтириб чегара масаласини гаплашиб олайлик», деб айтдим. Аввалига у бунга рози бўлмади. Иккинчи бор учрашганимизда эса Тожикистон томони чегара масаласини муҳокама қилишга розилик билдирди.
Шу ўринда алоҳида таъкидлашим керакки, бунда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўрни жуда катта бўлди. У киши «муаммоларни ҳозир, шу ернинг ўзида ҳал қилишингиз керак, кейин имкон бўлмаслиги мумкин. Ён беришга бориш зарур», деб маслаҳат берди. Шундан сўнг икки раҳбар бир стол атрофида ўтириб, чегара муаммосини ҳал қилдик», – дейди Қирғизистон президенти.
Фильмда, шунингдек, Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев ҳам муҳим фактларни очиқлади.
Унинг сўзларига кўра, Президент Мирзиёев агар можаро бартараф этилмаса, минтақага хорижий инвестициялар келмаслиги, сайёҳлар оқими тўхташи ва иқтисодий ривожланиш издан чиқиши ҳақида қатъий огоҳлантирган. Акс ҳолда, Марказий Осиё ҳануз «қолоқ минтақа» сифатида қабул қилинишини таъкидлаган.
«Ташқаридан қараганда барча давлатлар номи «-истон» билан тугагани учун уларни бир хил, доим можароли ҳудуд сифатида қабул қилишади», деган эди Ўзбекистон раҳбари», – дея эслайди Кулубаев.