Тошкент давлат шарқшунослик университети жамоаси ҳам юбелейга муносиб туҳфа ҳозирлади. Таржимашунослик ва халқаро журналистика кафедраси мудири, таржимон Ҳайрулла Ҳамидов томонидан Саид Аҳмад ҳикоялари турк тилига таржима қилиниб, “Özbek Edebiyati’nin Seçme Eserleri. Said Ahmed. Hikâyeler” (Ўзбек адабиётининг сара асарлари. Саид Аҳмад. Ҳикоялар) номли китоб тарзида нашр этилди.

Рисолага Ҳ.Ҳамидовнинг шогирдлари таржималари ҳам киритилган. Китобдан адибнинг “Елим”, “Сағана”, “Бир ўпичнинг баҳоси”, “Хомталаш”, “Ханка билан Танка”, “Бир юз етмиш сўмлик хуррак”, “Менинг дўстим Баббаев!”, “Иқрор” сингари ўнлаб машҳур ҳикоялари ўрин олган.

 – Моҳир сўз устаси Саид Аҳмаднинг халқимизга таниш ва машҳур бўлган ҳикояларини турк тилига таржима қилиш нияти бизда бундан 10 йил олдин, адибнинг 90 йиллигини нишонлаш вақтида бошланган эди, – деди Ҳайрулла Ҳамидов. – 2011 йилда институтимизда “Таржима назарияси ва амалиёти” кафедраси очилиб, талабалар қабул қилинди. Икки гуруҳнинг бири ҳинд, бири турк тили гуруҳи эди. Шунда биз талабаларни мустақил ижодий иш – бадиий таржимага жалб қилишга ҳаракат қилдик. Ўзбек адабиёти намуналарини шарқ тилларига ўгириш ишларини бошлаб юбордик. Ўша йилларда жуда кўп асарлар шарқ тиллари, жумладан, турк тилига таржима қилиниб, кичик тиражларда чоп қилинди. Мана, ниҳоят, бугунги кунга келиб, севимли адибимизнинг 100 йиллик юбилейига Тошкент давлат шарқшунослик университети номидан кичик бир туҳфа сифатида кафедрамизда туркчага ўгирилган барча ҳикояларини бир жойга тўплаб, кичик тиражда тезкор нашрда чоп қилишга жазм қилдик. Яқин келажакда Саид Аҳмаднинг бошқа асарларини  ҳам нафақат турк тили, балки бошқа шарқ тилларига таржима қилишни ҳам режалаштирганмиз.

Бир бадиий асарни она тилига таржима қилиш осон эмас, ўз она тилидан хорижий тилга ўгириш эса ундан ўн карра мураккаб иш. Ушбу китоб Тошкент давлат шарқшунослик университети ижодий жамоасининг буюк адиб таваллудининг 100 йиллигига камтарона туҳфаси бўлди.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири