Эндиги вазифа — уни замонавий Ўзбекистон кино индустриясининг миллий бренди ва таянч марказига айлантириш.

Бунинг учун кино соҳасида бошқарув тизими ўзгариши керак. Бундан буён давлат фильмнинг ижодий жараёнига аралашадиган буюртмачи эмас, соҳани ривожлантирадиган ва молиявий қўллаб-қувватлайдиган стратегик ҳамкор бўлади. Хусусий киностудиялар, мустақил продюсерлар ва ижодкорлар эса индустриянинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланади.

Кинони ишлаб чиқаришдан томошабингача бўлган бутун занжир — молиялаштириш, дистрибуция, прокат, фестиваллар ва экспорт — замонавий талаблар асосида янгиланади. Миллий кино меросини сақлаш, реставрация ва рақамлаштириш тизими кучайтирилади, янги авлод ижодкорларини тайёрлаш ва халқаро тажриба алмашинувига кенг йўл очилади.

Энг муҳими, соҳада профессионал муҳит ва ўзини ўзи бошқариш маданияти шаклланиб, киноижодкорнинг фикри, тажрибаси ва касбий обрўси муносиб қадрланади.

"Ташриф якунида Абу Али ибн Синонинг болалиги ҳақидаги тарихий фильм суратга олинаётган майдонда бўлдим. Улкан декорациялар ва ижодий жамоанинг меҳнати менда катта таассурот қолдирди. Ижодий жамоага омад тилайман. Премерада кўришгунча!", деди Саида Мирзиёева.