Хитойнинг милоддан аввалги II-I асрларга мансуб “Шижи” солномасида юртимиз ҳудудида яшаган ҳар бир хонадонда узум етиштирилиши алоҳида қайд этилса, Ўрта асрларда венециялик саёҳатчи Марко Поло ўз кундаликларида Самарқанд, Бухоро ва бошқа машҳур шаҳарлар атрофлари ям-яшил боғлар, токзорлар билан ўралганини ҳайрат ила ёзади. Абу Райҳон Беруний ва Абу Али ибн Сино асарларида узумнинг шифобахш хусусиятлари баён этилган.

Тарихий манбалардан бундай маълумотларни кўплаб келтириш мумкин. Бугунги кунга келиб, дунёда замонавий узумчилик ва уни қайта ишлаш саноати мисли кўрилмаган даражада тараққий этди. Жаҳонда савдо ҳажмлари бўйича энг кўп истеъмол қилинадиган мевалар орасида узум иккинчи ўринда туради. Хусусан, ҳар йили хўраки узумга бўлган талаб ўртача 350 миллион долларга ўсмоқда.

Тармоқнинг салоҳияти ҳам, имконияти ҳам катта. Энг муҳими, кейинги йилларда ривожланиш йўлида дадил одимлай бошлади. Хусусан, 2016–2020 йиллар давомида 52 минг гектар янги токзорлар ташкил этилиб, соҳага 210 миллиард сўм субсидия ажратилди. Шу давр мобайнида мева-сабзавотлар экспортида узумнинг улуши 2 бараварга кўпайди. Тармоқда айни кунда 900 минг нафар киши иш билан банд. Бироқ...

Президентимиз раислигида 2021 йил 7 июль куни узум етиштириш, уни саноат усулида қайта ишлашни ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида қайд этилганидек, афсуски, айрим ҳудудларда йирик токзорлар майдони сўнгги тўрт йилда 7 минг гектарга камайган. Тармоқда селекция ишлари деярли йўқ, ҳалигача 40–50 йил аввал яратилган узум навлари экиб келинмоқда. Кўчат етиштириш илмига ва технологиясига амал қилинмайди, унинг касалликлари билан олимлар ҳам, ишлаб чиқарувчилар ҳам шуғулланмайди.

Маҳаллий узумларимиз ҳосилдорлиги Осиёнинг бошқа давлатларига нисбатан 1,5–2 бараварга кам. Қолаверса, юртимизда етиштириладиган узумларнинг аксарияти данакли бўлиб, жаҳон бозорида данаксизига бўлган талаб кескин ортиб боряпти. Шундай бир кезда токзорларнинг атиги 38 фоизи интенсив усулда парваришланмоқда.

Нима учун хўракининг посангиси оғирроқ?

EastFruit экспертлари томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, мамлакатимизда етиштирилаётган узумнинг тахминан 71 фоизи данакли навларга тўғри келади. Уруғсиз навлар озчиликни ташкил этади. Улар орасида кенг тарқалган навлар сифатида, энг аввало, данаксиз “Қора кишмиш”, кейин “Оқ ҳусайни” қайд этилган. “Келинбармоқ” ва “Кетмонсопи” шундан сўнг саналган бўлса-да, улар ҳам аслида “Ҳусайни”нинг бир тури ёки дурагайи ҳисобланади.

“Ҳусайни” – Ўзбекистонда азалдан етиштириладиган энг кенг тарқалган узум нави. У мураккаб ишловни талаб этмайди, яхши ва узоқ вақт сақланади. “Қора кишмиш” эса, уруғсиз нав сифатида универсал: янги узилган меваларига ички ва ташқи бозорда ҳам талаб доим яхши бўлиб келган, қолаверса, ундан экспортбоп қора майиз тайёрланади.

Уруғсиз навлар орасида “Сўғдиёна”га ҳам эътибор ортмоқда. У оддий “Қора кишмиш”га қараганда каттароқ бўлади. Бундан ташқари, у ҳўл мевалар бозори учун ҳам, майиз тайёрлаш учун ҳам мос келади. Майизининг ҳажми катта бўлгани боис, юқори нархларда сотилади.

“Ризамат F1”, “Мерcедес” навлари ҳам кенг майдонларни эгаллаб бораяпти. Афсуски, улар данакли бўлиб, ички бозорда харидоргирлиги билан ажралиб туради. Энг кўп экиладиган навлар рўйхатига “Тойфи”ни қўшмаса бўлмайди. Аммо, миришкорларнинг айтишича, барча навлар орасида энг арзон сотиладиган узум айнан шу бўлгани сабаб фойдаланишдан чиқиб бораётган экан.

Хўраки навларга келганда, посангини босиброқ гапираётганимизнинг асоси бор.

– Дунё бозорида ҳар йили хўраки узумга бўлган талаб ўртача 350 миллион долларга ўсмоқда, – дейди Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Аҳтам Далиев. – Бундай узум бўйича Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини 2026 йилга бориб камида 600 миллион долларга, майиз бўйича 500 миллион доллар ва табиий винода 100 миллион долларга етказиш мумкинлиги ҳисоб-китоб қилинган.

Бу ўринда муҳим масалалардан бири узум кўчатчилигини ривожлантириш, кўчатхоналар ва питомникларнинг реестрини ташкил этиш ҳамда аниқ тартибга келтириш долзарб ҳисобланади. Зеро, республикамизнинг хўраки узумларидан ташқари саноатбопига бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Айниқса, улардан тайёрланадиган вино ва вино маҳсулотлари жаҳон бозорида алоҳида ўрин эгаллаб боряпти.

Ўта муҳим ҳужжат

Президентимизнинг 2021 йил 28 июлдаги “Узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳақида гап кетганда, мутасадди ва мутахассислар ўта муҳим ёки тарихий ҳужжат, деган сўзга урғу беради. Бунинг боиси нимада?

– Мазкур ҳужжат билан анчадан буён тўпланиб қолган муаммолар ўз ечимини топди, – дейди қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Азиз Исроилов. – Аввало, молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг аниқ дастаклари кўрсатиб берилди. Хусусан, узум плантацияси ташкил этган ташаббускор тадбиркорга ҳар бир гектар учун 10 миллион сўм, 10 гектар ерда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилса 120 миллион сўм, инновацион усулда етиштирилган ҳар бир туп узум кўчати учун 5 минг сўм миқдорида субсидия ажратилиши кўзда тутилган.

Токзорларга шпалер ўрнатиш харажатларининг 30 фоизгача қисми бюджетдан қоплаб берилиши, узумчиликда ишлатиладиган асбоб-ускуналар ва техникалар божхона тўловларидан озод этилиши, етиштирилган ҳосилнинг 30 фоизи экспорт қилинса, даромад ва мулк солиқлари 30 фоизга, экспорт 30 фоиздан ошса, 2 бараварга камайтирилиши ҳам соҳибкорларни мамнун этяпти.

Сертификатланган узум плантацияларини ташкил этишни молиялаштириш учун банкларга 100 миллион доллар ресурс маблағлари ажратилди. Бунда, кредит лойиҳа офислари тавсиялари асосида, 14 фоиздан 3 йил имтиёзли давр билан 7 йил муддатга берилиши назарда тутилган.

Маълумки, Олтиариқ туманида ғалла майдонлари қисқартирилиб, 2 минг гектар ерда йирик узумзорлар барпо этилган эди. Уларда тумандаги 5 минг нафар аҳоли доимий иш билан таъминланди. Энг асосийси, бунинг эвазига қўшимча 60 минг тонна узум етиштирилиб, унинг экспорти тўлиқ ҳосилга киргандан кейин йилига 200 миллион долларга етиши мўлжалланган.

Кейинги йилларда Фориш, Ғаллаорол, Янгиобод, Чироқчи, Пайариқ, Қўшработ туманларида ҳам янги токзорлар барпо этилди. Шундай тажриба асосида Қорақалпоғистон ва вилоятлардаги 44 та туманда янги экспортбоп узум плантацияларини ташкил этишга киришилди.

Қарорда ушбу тажрибани ривожлантирган ҳолда, аҳоли хонадонларида узум етиштиришни кўпайтириш бўйича ноанъанавий усулда, яъни “тепасида ток – пастида сабзавот” экиш, шунингдек, воиш, сўриток усулларини кескин кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу мақсадлар учун оилавий тадбиркорлик дастури доирасида жорий йилда қўшимча 100 миллиард сўм кредит ажратилиши белгиланди.

Бу жиҳатдан аҳоли томорқалари катта манбага эга. Мисол учун, Булоқбоши туманидаги хонадонларнинг ўзида 5 минг тонна узум етиштирилиб, 15 миллиард сўмгача даромад олиш мумкин.

Ўтган йилнинг ўзида тумандаги 9 та маҳалланинг 21 та кўчасида 2,7 миллиард сўмлик кредит маблағлари ҳисобига 9,5 километр узунликда узум ишкомлари барпо этилди. Фермер хўжаликларида 200 минг тупдан зиёд, аҳоли хонадонларида эса 30 минг тупдан ортиқ серҳосил навлар қаламчалари етиштирилади. Ана шу кўчатлар эвазига беш йил мобайнида тумандаги 24 минг, яъни 80 фоиз аҳоли хонадонида узум парваришлашга замин ҳозирлаш режалаштирилган.

Яқинда “Учкўча” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган республика семинарида юртимизниг барча ҳудудларидан келган иштирокчилар Булоқбоши тажрибаси билан бевосита танишиш имкониятига эга бўлди. Маҳалладаги 480 хонадоннинг барчасида узум етиштирилади. Торморқанинг катта-кичиклиги ва қаровига қараб 300 килограммдан 15 тоннагача ҳосил олинади, ҳар бир оила йилига ўртача 15–20 миллион сўм даромад топади.

Ижро ва самара

Дарҳақиқат, қарорда узумчилик бўйича жаҳон бозорларида кечаётган жараёнлар, юртимизда вужудга келаётган янги тажрибалар инобатга олнган ҳолда, соҳани янада ривожлантиришнинг амалий ва молиявий дастаклари аниқ белгилаб берилган. Лекин ҳар қандай ҳужжатнинг аҳамиятини унинг ижроси белгилайди. Шу жиҳатдан олганда, 2021 йилда мамлакатимизда жами 51,3 минг гектар майдонда янги токзорлар барпо этилди. 160 минг гектарда, жумладан, 75 минг гектар хўраки, 64 минг гектар кишмишбоп ва 22 минг гектарда саноатбоп узум етиштирилди. Жами 1,8 миллион тонна узум ҳосили йиғиб олинди.

Бу кўрсаткичлар аввалги йилга нисбатан анча салмоқлироқ. Соҳибкорларимизнинг ташқи бозорларни эгаллашдаги саъй-ҳаракатлари эса, соҳа ривожи даражасини белгилайди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, 2020 йилда 188,1 миллион долларлик 181,2 минг тонна узум маҳсулотлари экспорт қилинган бўлса, 2021 йилда бу борадаги кўрсаткич 207,9 миллион долларни ёки 270 минг тоннани ташкил қилган. Бу экспорт хажми 110,5 фоизга ўсганлигини кўрсатади.

Экспорт жўғрофиясида ҳам ўзига хос янгиланишларни кузатиш мумкин. Яъни, ўтган йили Литва, Эстония, Италия, Чехия, Жанубий Корея, Ироқ, Эрон, Озарбайжон, Арманистон, Грузия, Исроил, Испания каби қатор мамлакатлар бозорларига кириб борилди.

Келгуси 3 йилда мавжуд токзорларда замонавий агротехнологияларни жорий этиш, ерда парваришланаётганларини босқичма-босқич шпалер устунларга кўтариш орқали узум етиштириш ҳажмини 2 баробарга ошириш ва йиллик ўртача ҳосилни 3 миллион тоннага етказиш мўлжалланяпти.

Бу мақсадларга эришишда янгича тизимлар жорий этилиши тараққиёт таянчига айланади. Ҳозирги кунда мамлакатимизда 48 та туман узумчиликка ихтисослаштирилди ва уларга тупроқ-иқлим шароити энг қулай бўлган 131,4 минг гектар ер ажратиб бериляпти. Маҳсулот экспорт қилишнинг тўлиқ жараёнини яратишда 123 та салоҳиятли узумчилик ва виночилик кластери муҳим ўрин тутади. Улар ўз фаолиятини 49,4 минг гектар ер майдонида олиб боради.

Самарқанд вилояти салоҳияти

Ҳозирги кунда Самарқанд вилоятида барча тоифадаги хўжаликларда жами узумзорлар майдони 44,1 минг гектар бўлиб, уларнинг 35,3 минг гектари ҳосилли боғлар ҳисобланади. Ушбу токзорларда бир йилда ўртача 600 минг тонна узум, 90 минг тонна майиз тайёрланади.

Ушбу рақамлар Самарқанд вилояти узум етиштириш ва майиз маҳсулоти тайёрлаш бўйича республикада биринчи ўринда турганлигидан далолат беради.

– Агар таҳлилларга қарайдиган бўлсак, соҳада яратиб берилаётган имкониятлар натижасида вилоятда сўнгги тўрт йилда 21 минг гектар янги узумзорлар барпо этилди, шундан, 4,9 минг гектари 2021 йилда ташкил этилди, – дейди Самарқанд вилояти ҳоким ўринбосари Феруз Абилов. – Вилоят қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг учдан бир қисми узум ва майиз ҳиссасига тўғри келаётгани ҳам тармоқнинг ҳудудимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутишини кўрсатиб турибди.

Ҳозирги кунда мавжуд узумзорларнинг 11 минг гектаридан ортиғида томчилатиб суғориш тизими жорий этилган, бунинг учун жойларда 378 та тик суғориш қудуқлари қурилиб, фойдаланилмоқда. Ушбу йўналишда ўтган йили 137,2 миллиард сўм кредит ўзлаштирилди.

Узумзорлардаги токларнинг 85 фоизи кишмишбоп, 9 фоизи хўраки ва 6 фоизи саноатбоп навлар ҳисобланади. Ушбу рақамларнинг ўзи ҳам олдинда турган вазифалар кўламини кўрсатиб турибди. Яқин истиқболда хўраки ва саноатбоп узум навларини кўпайтириб, кишмишбоплари билан посангини тенг ҳолатга етказиш, токзорларни шпалерларга кўтариш чораларини кўриш зарур бўлади. Қолаверса, иқтисодий самарадорлик ҳам шуни тақозо этмоқда.

Ҳисоб-китобларга қараганда, 1 гектар хўраки узум етиштириш учун ўртача 100 миллион сўм харажат қилиб, 4 йилдан кейин йилига 250 миллион сўм соф фойда олиш мумкин. Яна бир муҳим жиҳати, 1 гектар ғалла майдонида 2 киши ишлаб, кўпи билан 20 миллион сўмлик маҳсулот етиштирилса, узумчиликда, айниқса, шпалер усулида 10 нафаргача аҳолини иш билан таъминлаб, 300 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда ўртача 25 минг долларлик экспорт қилиш мумкин. Бундан ташқари, узум кўчати 4–5 йиллик бўлганигача, оралиқ экин экиш орқали яна миллионлаб сўм даромад кўриш мумкин.

– Жорий йилда 20,1 минг гектар янги токзорлар барпо қилиш  режалаштирилган, – дейди Феруз Абилов. – Аҳоли хонадонларида узум етиштиришни ривожлантириш дастурлари бўйича 173 та маҳалладаги 81,1 минг хонадонда 1,6 миллион туп кўчат экиш белгиланган. Бу вазифани бажаришга ўтган йил кузида киришилиб, 33,9 минг хонадонда 604 минг туп ток кўчатлари экилган бўлса, айни пайтда бу ишлар якунига етиб боряпти.

Вилоятнинг Иштихон, Қўшработ, Ургут, Булунғур, Тайлоқ ва Пайариқ туманларида узумчилик азалдан яхши ривожланган. 43 та маҳалланинг асосий драйвер соҳаси узумчилик ҳисобланади ҳамда 26 мингдан ортиқ хонадон узумчиликка ихтисослашган. Улар томонидан бир йилда ўртача 4–5 миллион туп кўчат тайёрланаётгани уларга бўлган эҳтиёжни қоплашда алоҳида ўрин тутади.

Кейинги пайтда инновацион усулда етиштирилган кўчатларга талаб ошяпти. Жумладан, Жомбойдаги “Боғбон ин-витро” лабораториясида бир йилда 5 миллион, “Оҳалик олтин боғи мевалари”даги “ин-витро” лабораториясида 4–5 миллион туп  сархил навли ниҳоллар етиштириш қувватлари мавжуд.

Бугун дунё тажрибасида ўзини оқлаган “маҳсулот етиштириш – йиғиштириб олиб, сифатли сақлаш – чуқур қайта ишлаш – қўшимча қиймат яратиш – экспорт” “занжири”га асосланган агрокластерлар сонини кўпайтириш ҳам долзарб вазифалардан бири.

Бинобарин, вилоят узумчилик кластерларини равнақ топтириш учун катта салоҳиятга эга. Ундан оқилона фойдаланиш ишлаб чиқарувчиларга қатор устунликлар беради. Негаки, бундай кластерлар рақобатдош маҳсулотлар тайёрлаш орқали ташқи бозорларга чиқиш имкониятини яратибгина қолмай, балки замонавий агротехнологияларни жорий қилиш туфайли ички бозорни импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдиришга ҳам ҳар томонлама кўмаклашади.

– Бир неча фермер хўжаликлари билан ҳамкорликда кластер ташкил қилдик, – дейди “Шоҳжаҳон” узумчиликка ихтисослашган кластер корхонаси раҳбари Дилбар Жалилова. – Умумий ер майдонимиз 455 гектарни ташкил этади. Мақсадимиз экспортбоп узумлар етиштириб, оз ердан кўп даромад топиш. Қиймати 30 миллиард сўмлик лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, гектаридан 6 минг тонна ҳосил олиш ниятидамиз. Унинг 3 тоннаси экспорт қилинади. 2024 йилга келиб 820 киши ишли бўлади.

Соҳада амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида эса, жорий йилда  вилоятда 20 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши таъминланади.

Инновация – ривожланиш таянчи

Бугунги кунда мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги экинлари давлат реестрига 50 та узум нави киритилган. Кенг имкониятлар ҳамда табиий ресурсларга эга бўлган Ўзбекистон учун бу анчайин кам, албатта. Илмий тадқиқотлар асосида ҳудудлар тупроқ-иқлим шароитига мос бўлган узумларнинг янги навларини яратиш долзарб масала ҳисобланади.

– Хорижий тажриба асосида узумнинг ҳосилдор, данаксиз, совуққа ва касалликларга чидамли янги навларини яратиш Инновацион ривожланиш вазирлиги зиммасидаги асосий вазифалардан бири ҳисобланади, – дейди Аҳтам Далиев. – Уни амалга ошириш учун вазирлик томонидан 14 та фундаментал ва амалий лойиҳага қарийб 15 миллиард сўм грант маблағлари ажратилган. Уларни амалга ошириш натижасида боғлар ва узумзорларга ишлов бериш учун юқори самарали, ресурсларни тежовчи ускуналар, узумчилик машиналари жамламалари, юқори клиренсли портал русумидаги тракторлар ишлаб чиқарилади.

Узумларнинг агробиологик хусусиятларини ўрганиш асосида эса экспортбоп хўраки ва истиқболли техник навларни ҳосил қилиш, эскирган токзорларни қисқа муддатда янгилаш учун сара ниҳолларни in vitro услубида кўпайтириш ва оналик кўчатларини яратиш каби лойиҳалар бўйича ҳам амалий ишлар йўлга қўйилган.

Геномика ва биоинформатика марказида молекуляр ДНК маркерлар ёрдамида илк бор Марказий Осиёдаги 150 дан ортиқ узум навининг генетик паспорти, Европа комиссиясининг GENRES 081 стандарти бўйича Марказий Осиё узум навларининг маълумотлар базаси шакллантирилган. Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги буюртмасига кўра, узумнинг ҳозир кенг экилиб парваришланаётган 135 дан ортиқ маҳаллий навининг генетик паспортини яратиш устида иш кетмоқда. Германиялик ҳамкорлар билан бирга, узум геномининг генетик хариталари тузилиб, касалликка чидамли генларига генетик бириккан молекуляр маркерлар аниқланди. Улар асосида биринчи марта узум селекциясини икки баробар тезлаштирадиган, маркерларга асосланган селекция платформаси яратилиб, амалиётда кенг қўлланмоқда.

Геномика ва биоинформатика маркази олимлари томонидан узумнинг қатор маҳаллий ва қадимий навлари, жумладан, истиқболли саккизта нави – “Шардоне”, “Пино-гри”, “Совинён”, “Каберне”, “Дюбре де Марсел”, “Пуке”, “Қизил Мальвазия”, “Алфонс лавале” навлари in vitro усулида кўпайтирилди. Саноатбоп узумнинг 8 нави учун импорт ўрнини босувчи махсус сунъий озуқа муҳити тузилди. Экспорт салоҳияти юқори бўлган маҳаллий хўраки узум навларининг уруғсиз муқобилларини яратиш бўйича илмий изланишлар давом этмоқда.

Халқимиз азалу аввал етти хазина деганда, сигир, товуқ, асалари, ипак қурти, обжувоз (мойжувоз), тегирмон ва ўрмонни назарда тутган. Ҳозирги кунда эса, бу ҳақда гап борганда, зироатчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, қуёнчилик ва пиллачилик тилга олинади. Аслида ҳар икки ҳолатда ҳам ҳеч бир янглиш йўқ, уларнинг битмас-туганмас хазина дейилиши, ўзидан-ўзи кўпайишга мойиллиги билан изоҳланади.

Узумчилик зироатчиликнинг таркибий қисмлари сирасига кирса-да, бу тармоқ айни кунда саккизинчи хазина сифатида иқтисодиётимизда муқим ўрин эгаллаб боряпти, юрт маъмурлигига хизмат қиляпти. Маъмурчилик эса эл дастурхонини тўкин, соҳибкорлар меҳнатини манфаатли ва ғурурини сарбаланд қилади.

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

иқтисодий шарҳловчи