Бугун халқаро андозалар даражасида тиббий хизмат кўрсатадиган тизимни барпо этиш, халқимизни янада соғломлаштириш ва розилигига эришиш билан боғлиқ кўплаб муҳим вазифалар мамлакатимизнинг янги тараққиёт стратегиясида бош мезон этиб белгиланган “Инсон қадри учун” деган тамойилнинг асосини ташкил этади. Жумладан, ҳар бир фуқаронинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини ўзида мужассам этган ушбу ғоя бугун соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларда ўз ифодасини топмоқда

2021 йил 9 ноябрда юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва уларни даволаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида тиббиётнинг бирламчи бўғинини ривожлантириш, энг кўп тарқалган ва ўлимга сабаб бўлаётган касалликларни эрта аниқлаш, мақсадли скрининг тадбирлари ўтказиш масалаларига асосий эътибор қаратилганди. Жумладан, соҳадаги вазифалар кардиология йўналиши мисолида кўриб чиқилган.

Бугунги кунда кардиология соҳасини жаҳон андозаларига мос равишда юксалтириш, юрак-қон томир хасталиклари туфайли юз бериши мумкин бўлган нохуш вазиятларнинг олдини олишга йўналтирилган аниқ чора-тадбирлар ижроси энг муҳим устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказида юрак-қон томир касалликларини даволаш ва ташхислашда яхлит тизим яратилган. Касалликни эрта аниқлаш, диагностика қилиш, касаллик турларини дори-дармон билан даволаш, эндоваскуляр усулда текшириш ва даволаш, керак бўлганда очиқ усулдаги мураккаб жарроҳлик амалиётини бажариш каби усуллар йўлга қўйилгани фикримиз далилидир.

Марказнинг рентгенэндоваскуляр жарроҳлик бўлимида юрак тожсимон артерияларининг торайган қисмини аниқлаш, уларга найча ўрнатиш каби юқори технологияли усуллар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Йилига мингдан ортиқ беморда ушбу даволаш амалиёти қўлланяпти. Бундай усул билан даволаш орқали юрак-қон томир касалликларининг энг оғир тури бўлган миокард инфарктининг олди олинди. Кейинги беш йилда миокарднинг ўткир инфарктидан содир бўлаётган ўлим ҳолатини икки баробар пасайтиришга эришилди.

— Марказимизда бу борада ўта мураккаб операциялар йўлга қўйилган, — дейди Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хуршид Фозилов. — Жумладан, махсус мосламалар ёрдамида қон томир орқали юрак туғма нуқсонларини даволаш, аорта клапанларини алмаштириш каби замонавий усуллар қўлланмоқда.

Таъкидланишича, юрак-қон томир хасталигидан шикоят билан келган беморнинг, афсуски, ёндош касалликлари ҳам бўлади. Даволаниш жараёнида бу касалликлар кучайиб, бошқа мутахассис ёрдамига эҳтиёж пайдо бўлади ва шу сабаб бемор бошқа муассасага ўтказилади. Бундай оворагарчиликнинг олдини олиш мақсадида марказ фаолиятини трансформация қилиш орқали кўптармоқли марказга айлантириш, бу вазифани муассасанинг юрак-қон томир касалликлари бўйича илмий салоҳиятини сақлаб қолган ҳолда амалга ошириш кўзда тутиляпти. Шунингдек, нур ёрдамида даволаш ва диагностика қилиш, иммуногенетик тадқиқотлар ўтказиш каби замонавий йўналишлар очилади.

Юракнинг мураккаб аритмияларини электрофизиологик усулда диагностика қилиш ва даволаш бўйича ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилаётир. Бу жараёнда юрак аритмиясини даволашда қўлланадиган, халқаро стандартларга мос келувчи юқори технологик усулдан фойдаланиш йўлга қўйилган. Операциялар кўкрак қафасини очмасдан ўтказилади, яъни махсус мосламалар ёрдамида юракка кириб бориб, унинг нотекис уриши (аритмия)га хос баъзи аломатлар радиотўлқин воситасида бартараф этилади.

Ҳозир кардиология марказида амалга оширилаётган юқори технологик даволаш усулларининг тури, сифати ва кўлами йилдан-йилга ортиб боряпти. Коронар томирларга биоэрувчан каркас — стент ўрнатиш, юрак клапанларини эндоваскуляр усулда протезлаш, юрак қоринча ва бўлмачалари тўсиғидаги туғма нуқсон — тешикларни кўкрак қафасини очмасдан, периферик томирлар орқали кириб беркитиш, бир вақтнинг ўзида юракда икки ва ундан ортиқ ўта мураккаб операцияни ўтказиш, юрак клапанларини протезлаш, юрак мушаклари деворини пластика қилиш, юрак қоринча ва бўлмачалари ичидан ивиб қолган тромбни олиб ташлаш каби ўта мураккаб операциялар бажарилмоқда.

— Бу ерга йўлланма билан келдим. Мутахассислар аввал даволашди, кейин операция қилишди, — дейди Фарғона вилоятидан келган Рустамжон Қурбонов. — Юрагимдаги иккита клапан алмаштирилди, иккита томир уланди. Бу жуда катта операция эди. Лекин шифокорларнинг қўли енгил экан, жарроҳлик амалиёти жуда яхши ўтди. Шифохонада барча шароит яратилган, уч маҳал иссиқ овқат тайёр, палаталар ёруғ ва қулай. Даволаниш, дори-дармон бепул. Биз бундай шароитни ҳатто орзу ҳам қилолмасдик. Ҳозир аҳволим яхши. Тўйиб нафас оляпман. Буларнинг барчаси учун ҳукуматимизга, Президентимизга миннатдорлик билдираман.

Соҳада замонавий технологияларни самарали қўллай оладиган мутахассисларни ҳам ўз вақтида тайёрлаш муҳим ҳисобланади.

— Марказимизда хорижий кардиологик клиникалар билан ҳамкорлик яхши йўлга қўйилган, — дейди Х.Фозилов. — Шифокорлар Россия, Жанубий Корея, Швейцария, Польша каби давлатларнинг етакчи кардиологик клиникаларида малака оширмоқда. Шунингдек Москва, Новосибирск, Томск кардиология марказлари олимлари, Польша, Швейцария мутахассислари марказимизга келиб, ўзаро тажриба алмашди, маҳорат дарсларини ўтди. Жумладан, Европа юрак фонди раиси, швейцариялик машҳур кардиожарроҳ, профессор Пауль Фогт марказимизга бир неча бор келиб, кардиожарроҳларимиз билан бирга ўта мураккаб операцияларни амалга оширди. Улар сунъий юрак аппарати ёрдамида ва ишлаб турган юракда ўтказиляпти. Бундай мураккаб операциялар дунёнинг саноқли давлатларида қилинади. Ўтказилган амалиётлар ёрдамида беморларда ўткир миокард инфаркти ва бош мия инсульти каби оғир асоратлар олди олинди ва беморлар фаол ҳаётга қайтарилди.

Ўта нозик ва қийин жарроҳлик амалиётларининг нафақат пойтахтимиз, балки вилоятлардаги даволаш муассасаларида ҳам муваффақиятли бажарилаётгани соҳанинг моддий-техник базаси ва тиббий кадрлар салоҳияти давр билан мутаносиб равишда такомиллашиб бораётганини кўрсатади. Ҳозир мамлакатимизнинг барча ҳудудида кардиология марказининг вилоят филиаллари очилган, деярли барчасида ангиограф ускунаси ўрнатилган. Коронарография, стентлаш амалиётлари вилоятлар марказининг ўзида ўтказилмоқда. Хоразм, Қашқадарё, Наманган, Жиззах, Самарқанд вилоятларида кардиожарроҳлик бўлимлари очилган ва очиқ усулдаги мураккаб кардиожарроҳлик амалиёти бажарилмоқда. Бу билан вилоятлар аҳлининг ушбу операциялар учун пойтахтга ёки чет мамлакатларга даво излаб чиқишлари, оворагарчилигининг олди олинди.

Юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш, эрта аниқлаш ва самарали даволаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг аҳамияти катта. Бу борада марказда касалликларни эрта аниқлаш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини татбиқ этишга қаратилган ишлар бажарилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ўтган йилнинг 9 ноябрь куни юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва уларни даволаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Халқимизнинг соғлиғи ҳеч нарса билан ўлчанмайдиган энг бебаҳо бойлигимиздир. Шу боис, тиббиётни халқимизни рози қиладиган тизимга айлантириш бўйича катта марраларни белгилаб олдик. Бунинг учун бирламчи бўғинга ажратиладиган маблағларни 2 баробарга ошириб, аҳоли ўртасида кенг тарқалган касалликларни камайтириш бўйича алоҳида дастур қабул қиламиз”, деган эди.

Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида бугун 350 турдаги операция амалга оширилмоқда. Марказда болаларнинг туғма юрак нуқсонларидан тортиб, юрак ва томир, ошқозон-ичак йўллари, жигар ва жигарости безлар, ўпка ва умуртқа, кўкрак қафаси оралиғи органлари касалликларига чалинган беморларга юқори малакали умумий ва ихтисослаштирилган хирургик ёрдам кўрсатилмоқда.

Юқори технологик операцияларнинг самарали бажарилаётгани кўплаб беморларнинг дардини аритиб, умрини узайтиришга сабаб бўлаётир.

— Энг кўп юракни стентлаш амалиёти ўтказилади, — дейди академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази бўлими мудири Миржамол Зупаров. — Юрак-ишемик касаллигида қон томирларда юракка қон кам борганида ўша томирларни кенгайтириш зарурати пайдо бўлади. Ёки инфаркт билан оғриган касал келса, томири очилади. Бундай операциялар бир йилда 600-700 марта ўтказилади. Бунинг учун ангиокардиографик ускуна керак. Бу ускуна 2016 йилда юртимизда бор-йўғи олти дона эди. Бугунга келиб, марказларда 36 та шундай ускуна бор. Бу давлатимиз раҳбарининг соҳага қаратаётган эътибори натижаси. Жорий йилда туманлараро марказларга яна 35 та шундай ускуна келтирилиши кутилмоқда. Вилоят филиаллари ва шошилинч тиббий марказларга 13 та олиб берилади. Демак, бу операцияларнинг сифати ошиб боришига хизмат қилади.

Тиббиётнинг энг мураккаб, ўта масъулиятли ва айни пайтда эҳтиёж ортиб бораётган йўналишларидан бири трансплантология ҳисобланади. Энг аҳамиятлиси, марказда трансплантологиянинг ривожланиши учун салмоқли қадамлар қўйилди.

 — Юртимиздаги илк трансплантология амалиёти айнан шу ерда бажарилган, — дейди Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Сайдимурод Исмоилов. — Келгусида марказимизда иммуногенетик симуляцион марказ ташкил этилиб, буйрак, жигар ва юрак трансплантологияси бўйича етакчи клиникага айланади.

Марказнинг бўлим мудири Мақсуд Нишоновнинг айтишича, гепатобилиар хирургия ва жигар трансплантацияси бўлими 45 ўринга мўлжалланган. 2018 йилда бўлим ходимлари илк амалиётларни ҳиндистонлик ва россиялик мутахассислар билан бирга ўтказган. Ўтган йили ўзбекистонлик жарроҳлар мустақил равишда 9 та жигар трансплантациясини ўтказди.

Бугун бундай амалиётларнинг юртимизда муваффақиятли амалга оширилаётгани аҳоли саломатлигини асраш, юртдошларимизнинг сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқини кафолатлашда муҳим аҳамият касб этяпти. Натижада оилаларда соғлом муҳит ва фаровон турмуш қарор топиб, оналар ва болаларнинг бахтиёр ҳаёт кечириши, мўътабар кексаларимизнинг миннатдорлик ҳамда шукроналик ҳисси билан умргузаронлик қилишига замин яратмоқда.

— 31 ёшдаман, жигар циррози билан оғридим. Жуда оғир аҳволда шифохонага ётқизилдим. Биттаю битта нажот жигар трансплантацияси эди. Турмуш ўртоғим донор бўлди, — дейди қашқадарёлик Улуғбек Қодиров. — Йўлланма билан келганим учун ҳамма операциялар текин бажарилди. Шароитлар яхши. Дори-дармон текин. Ҳозир аҳволим яхши. Турмуш ўртоғимнинг аҳволи яхшилиги учун уйга жавоб берилган.

Бундай амалиётлар буйрак трансплантацияси бўлимида ҳам муваффақият билан амалга оширилмоқда. Эътиборли жиҳати, аъзо кўчириб ўтказилган беморларнинг соғлиғида операциядан кейин тикланиш кузатилмоқда. Шифокорларнинг таъкидлашича, гемодиализ олиб юрган бемор билан трансплантация амалиётини ўтказган беморнинг ҳолати солиштирилса, аъзо кўчириб ўтказилган беморнинг умри 17 йилгача узайиши мумкин.

— Ҳомиладорлик пайтимда бутун аъзои баданим шишиб, қийналдим, — дейди Наманган вилоятининг Чуст туманидан келган Азиза Тўйчиева. — Ҳомиладор эдим, 8 ойлик болам операция йўли билан олинди. Шундан сўнг мунтазам даволаниб юрдим. Вилоят марказий шифохонасида сурункали буйрак етишмовчилиги ташхисини эшитганимда дунё кўзимга қоронғи бўлиб кетди. Сўнг шу шифохонага келдим. Ташхис тасдиқланди. Акамнинг буйраги мос келди. У донор бўлди. Операция жуда яхши ўтди. Акам тез тузалиб уйга қайтди. Ҳозир маҳаллий шифокорлар назоратида. Мен ҳам эрта-индин уйга қайтаман. Бу ерда барча шароит яратилган. Дори-дармон бепул. Шифокорлар жуда яхши муносабатда бўлди. Малакали ёндашди. Барчаси учун давлатимиз раҳбаридан миннатдорман.

Тиббиёт фанлари номзоди, хирургтрансплантолог Жасур Собировнинг айтишича, 2021 йилда 230 нафар беморга буйрак кўчириб ўтказилган. Бундан ташқари, вилоятларда ҳам кенг доирада иш олиб бориляпти. Ҳозиргача вилоятларда 30 га яқин трансплантация амалиёти ўтказилди.

Операциядан кейин бемор ўзини яхши ҳис қилади, уни ортиқча оғриқ ва муаммо безовта қилмайди. Жарроҳлик амалиётини ўтказган беморларнинг фарзандли бўлишига ҳеч нарса монелик қилмайди. Беморнинг ижтимоий ҳолати, меҳнат фаолияти бирмунча тикланади ва жамиятга қайтиш имконияти кўпроқ бўлади.

Биз танишган тиббиёт муассасаларидаги беморларнинг кўзида эртанги кунга ишонч, ҳаётга муҳаббат ёлқинини кўрдик. Яратилган шароитлар учун миннатдорлик билдираётган юртдошларимиз эътирофи, бизнингча, тиббиётимизнинг бугунги ривожига берилган муносиб баҳо.

Рисолат МАДИЕВА,

 “Янги Ўзбекистон” мухбири