Мақола  муаллифи  Абдулхамид аль-Кубби Самарқанд ўзининг ўрта асрлардаги зиёратгоҳлари, мовий гумбазлари, шунингдек, ажойиб мазали ва бетакрор ошхонаси билан ҳақли равишда Ўзбекистоннинг машҳур шаҳарлари орасидаги марварид эканини таъкидланган.

«Самарқанд, Ўзбекистоннинг иккинчи йирик шаҳри. Икки минг йилдан ортиқ вақт давомида ушбу кент кўплаб маданиятлар чорраҳаси бўлиб келган, - деб ёзган муаллиф. - Самарқандда савдогарлар, олимлар ва тадқиқотчиларнинг йўллари кесишган, улар ўзлари билан товарлар, ғоялар, тиллар ва маданиятларни олиб келган».

У, шунингдек, 2001 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган ушбу  шаҳар Шарқ ва Ғарб билан тўқнашадиган сайёҳлик ва тарихий марказга айланиб, меъморчилик ва санъатда ҳамон жаранглаб келаётган анъаналарнинг ўзига хос уйғунлигини сақлаб келаётганини қайд этган.

«Самарқанд милоддан аввалги VII  асрда қадимий Афросиёб номи билан ташкил этилган, у кўплаб ҳукмдорлар таъсирида бўлган, аммо шаҳар ўзининг энг муҳим тараққиётини Темурийлар даври  XIV-XV  асрларда бошидан кечирган», - дейилади мақолада.

Нашрда машҳур  Регистон мажмуаси  ҳақидаги батафсил маълумотлар  муштарийлар  эътиборига  ҳавола  қилинган.

«Кечки пайт Регистонга ташриф буюриш учун ажойиб вақт. Қуёшнинг илиқ ва олтин нурлари обидаларга гўзал нур сочиб, уларнинг улуғворлигини янада оширади, - дея таъкидлаган муаллиф. - Куннинг бу вақтида пешинга нисбатан камроқ ташриф буюрувчилар бор, бу сизга ушбу  улуғвор мажмуа билан кенгроқ танишиш имконини беради».

Абдулхамид аль-Кубби шаҳарнинг жанубий қисмига қараб юрсангиз, сиз меъморий мажмуаларни ва XIV-XV  асрлардаги Темурийлар даврига оид ўрта аср шаҳрига дуч келишингизни маълум қилган. Бу давр минтақада шаҳарсозлик, меъморчилик ва санъатнинг шаклланишида асосий рол ўйнади.

«Темурийлар даври ҳунармандларининг ислом ансамблларини лойиҳалаш ва қуришдаги таъсири ислом меъморчилиги ва санъатининг ривожланишида муҳим рол ўйнади ҳамда бутун минтақага катта таъсир кўрсатди», - дейилади  мақолада.

Нашрда, шунингдек, Гўри Амир, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Шохи Зинда ансамбли ва  бошқа  тарихий обидалар ҳақидаги батафсил маълумотлар қаламга  олинган.  

 Муаллиф ўзбек миллий таомлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтган.  «Айниқса, ўзбек миллий ошхонасининг  шоҳ таоми бўлган паловни татиб кўришни унутманг, - дея маслаҳат беради муаллиф. – Шунингдек, Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида ушбу мазали таомнинг ўзига хос рецепти бор. Самарқанд палови анъанавий тарзда қатлам-қатлам пиширилади, бу эса Тошкент ёки Фарғона паловига қараганда камроқ ёғли бўлиб, кўпинча саримсоқ ва қовурилган нўхат билан безатилади. Палов одатда сузма ёки турли хил салатлар билан меҳмонга узатилади».

Абдулхамид аль-Кубби «Alharir.info» онлайн нашри ўқувчилари эътиборига, шунингдек, Самарқанд халқаро аэропорти, «Афросиёб» тезюрар поезди ҳақидаги батафсил маълумотларни ҳам тақдим қилган.