Ҳозирги кунда геосиёсий рақобат, мафкуравий зиддият ва баҳслардан холи бўлган бундай мулоқот фавқулодда зарур ҳисобланади. Шу боис Ўзбекистон шерикларга умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлидаги Самарқанд бирдамлиги ташаббусини тақдим этишдан мамнундир.
Бу ташаббуснинг мақсади – бизнинг умумий келажагимизга бефарқ бўлмаган, ихтилофларга қарамасдан келишилган ёндашувлар ва қарорларни излашга тайёр, “Самарқанд руҳи” тамойилларига ҳамфикр бўлганларнинг барчасини глобал цивилизациялараро мулоқотга жалб қилишдир. Ушбу ташаббуснинг моҳияти давлатимиз раҳбари томонидан БМТнинг 78-сессиясида яна бир бор таъкидлаб ўтилди.
Мазкур ғояни ёшлар орасида ҳам оммалаштириш мақсадида Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази Ўзбекистон Бадиий академияси билан ҳамкорликда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талаба ёшлари ўртасида шу йил ноябрь-декабрь ойларида “Самарқанд бирдамлик ташаббуси – ёшлар нигоҳида” мавзусидаги ёш рассомлар кўрик-танловини эълон қилган эди.
Танловда тасвирий санъатнинг рангтасвир, графика, ҳайкалтарошлик йўналишида ижод қилаётган Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн олийгоҳининг 70 нафардан ортиқ ёш ижодкорлар ўз ижод намуналари билан иштирок этди.
Танлов иштирокчиларининг ижодий ишлари Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзолари, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг аъзолари, таниқли ижодкорлардан иборат нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб, жами 7 нафар ёш ижодкорлар танлов ғолиби деб топилди.
Жумладан, танловда биринчи ўрин Адибахон Равшановага “Шарқ гавҳари” асари учун, иккинчи ўрин Жаҳонгир Тўхтапўлатовга “Афросиёб” гипсдан ишланган бадиий асари учун, учинчи ўрин Фаррух Мамадиёровга “Самарқанд руҳи” асари учун берилди. Шунингдек, 4 нафар ёш ижодкор “Энг яхши рангтасвир асари”, “Энг яхши графика асари”, “Энг яхши хайкалтарошлик асари”, “Энг яхши амалий санъат асари” учун рағбатлантирувчи мукофотларга сазовор бўлишди.
Жорий йилнинг 19 декабрь куни Ўзбекистон Бадиий академиясида танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ва кўргазмаси ўтказилди. Танловнинг барча иштирокчилари диплом ва сертификатлар, эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тақдирлаш маросимидан сўнг иштирокчилар ва меҳмонлар ижодий ишлар асосида ташкил этилган кўргазма билан танишиб чиқишди. Тадбир якунида ёш иқтидорларга янги марралар, улкан зафарлар, пок туйғулар, ижодий ютуқлар ҳамроҳлиги тилаб қолинди.
Ташкил этилган тадбир ҳеч шубҳасиз, мамлакатимизда ёш иқтидорларимизга кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир далилидир.