Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Канада Жамоатлар палатасидаги «Канада – Ўзбекистон» дўстлик гуруҳи раиси Зияд Абуолтаиф билан видеоконференсалоқа шаклида учрашув ўтказди.

Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Канада ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар ушбу йўналишда ўзаро манфаатдор эканини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистон парламенти делегациясининг 2025 йил 26–27 ноябрь кунлари Канадага ташрифи ҳамда Канада парламентида Ўзбекистон кунининг муваффақиятли ўтказилгани юқори баҳоланди.

Учрашувда «Ўзбекистон – Канада» биринчи парламентлараро форумини 2026 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиш масаласи муҳокама қилинди. Канада делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида савдо-инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, муҳим минераллар, қишлоқ хўжалиги, тоза энергетика, таълим ва инновациялар соҳаларида қўшма «Ўзбекистон – Канада» бизнес форумни ташкил этиш таклифи ҳам кўриб чиқилди.

Учрашув якунида томонлар икки давлат ўртасидаги парламентлараро мулоқотни янада чуқурлаштиришга тайёр эканини тасдиқлади.