Маълумот учун, халқаро даражадаги тадбир 13–17 октябрь кунлари ўтказилади. Тадбир давомида ерни барқарор бошқариш, қурғоқчиликка чидамлиликни ошириш, барқарор қишлоқ хўжалигида аёллар етакчилигини қўллаб-қувватлаш ва ернинг деградацияси ҳамда иқлим ўзгариши билан боғлиқ мажбурий миграцияга қарши курашишга доир стратегик мақсадларни амалга ошириш жараёнлари кўриб чиқилади. Шунингдек, Конвенсияни имзолаган 196 мамлакат ва Европа Иттифоқи, фуқаролик жамияти, илмий доиралар, донорлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари чўлланиш, қурғоқчилик, чанг бўронлари, ерлардан барқарор фойдаланиш, ерларни тиклаш масалаларини муҳокама қилишади.
Битим имзолаш маросимида нутқ сўзлаган Экология вазири Азиз Абдуҳакимов чўлланиш, ерларнинг деградацияси, ўрмон ёнғинлари ва бошқа экологик муаммоларга эътибор қаратди.
“Экологик кун тартиби Янги Ўзбекистон давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан биридир. Мамлакатда инвестицияларнинг ярмидан кўпи чўлланишга дучор бўлган ҳудудларга йўналтирилган. Хусусан, Орол денгизининг қуриган тубида чанг ва туз бўронларининг олдини олиш мақсадида 2 миллион гектардан ортиқ майдонга оммавий ўрмонзорлар экилди, — деди деди Азиз Абдуҳакимов. — Қолаверса, Тошкент шаҳрида Марказий Осиё атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети – “Греен Университй” ташкил қилинди. Бундан мақсад экологик муаммоларга тезкор ва самарали ечим топиш учун малакали кадрлар синфини шакллантиришдир”.
Вазир, шу билан бирга, CRIC-21 тадбири экология соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашини алоҳида таъкидлади.
“Биз ҳар йили 100 миллион гектар ерларни яйлов, озиқ-овқат ишлаб чиқариш, чорва озуқаси ва табиатдан оладиган бошқа эҳтиёжлар учун йўқотамиз. Табиат энди бу мувозанатни сақлай олмайди. Ушбу конференсия соғлом иқтисодиёт, соғлом одамлар ва айни пайтда соғлом экотизимлар ўртасида мувозанатни сақлаш учун келгуси 20-30 йил давомида нималар қилиш кераклигини аниқлаб олишга имконият беради. Экологик муаммоларнинг ечимини топишда, Ўзбекистон муҳим рол ўйнайди", — деди Иброҳим Тиав.
Маълумот учун, 2022 йил 9-20 май кунлари Кот-дьИвуар Республикасида БМТнинг Чўлланишга қарши курашиш Конвенциясининг навбатдаги 15-томонлар Конференциясининг йиғилишида 2023 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Чўлланишга қарши курашиш Конвенциясининг бажарилишини кўриб чиқиш қўмитаси 21-сессияси Ўзбекистонда ўтказилиши бўйича қарор қабул қилинган эди. Тадбирнинг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрўсини мустаҳкамлайди, салоҳиятли донор ташкилотларнинг фаоллашувига ва соҳага янги лойиҳалар кириб келишининг жадаллашувига хизмат қилади.