"Central Asia TEFL - 2022» конференцияси инглиз тилини ўқитиш бўйича соҳа мутахассислари учун ноёб минтақавий тадбирдир. Мазкур анжуман инглиз тилини ўқитишда халқаро ўқитиш стандартларини ўрганиш, талабаларни онлайн ва юзма-юз мулоқот қилишнинг замонавий усуллари билан таништириш, таълимни юқори босқичга олиб чиқиш учун инновациялар ва технологик ечимларни қўллаш каби мақсадларни ўзида мужассам этган.
Конференцияда Марказий Осиё мамлакатлари ва бошқа 21 давлатдан 80 нафардан ортиқ иштирокчилар анъанавий ва масофавий тарзда қатнашди. Шунингдек, анжуманда чет эл мамлакатларидан тажрибали мутахассислар, соҳага доир китоб муаллифлари — Пенни Ур, Алан Пулвернесс, Хишам ал-Сагбани, Виктория Кларк иштирок этди.
"Central Asia TEFL — 2022» конференцияси Марказий Осиё мамлакатларидан ELT (English language teaching) бўйича мутахассисларни бирлаштиргани билан муҳим аҳамият касб этади. Мазкур конференция орқали юртимиздаги хорижий тил ўқитувчиларига дунёнинг турли бурчакларидан келган ҳамкасблари билан учрашиш ҳамда фикр ва тажриба алмашиш имконияти яратилди. Шунингдек, конференция давомида ҳозирги кунда мамлакатимизда хорижий тилларни ўқитишни такомиллаштиришда эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳатлар муҳокама этилди.