17 июнь куни Самарқанд шаҳридаги “Sof Expo Samarkand” кўргазмалар мажмуаси яна бир нуфузли тадбирга мезбонлик қилди. “Avicenna Heritage —2022” ёки “Абу Али ибн Сино мероси — 2022” деб номланган Доривор ўсимликлар маҳсулотларининг халқаро кўргазмаси юртимизда илк бор ўтказилди.
Кўргазма Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Самарқанд вилоят ҳокимлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон ҳўжалиги давлат қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилди.
Кўргазмада доривор ўсимликларни етиштирувчи ва уни қайта ишловчи ҳамда доривор ўсимликлар асосида биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқарувчи 100 га яқин маҳаллий тадбиркорлар, шунингдек, Ўрмон хўжалиги корхоналари, Шифобахш илмий ишлаб чиқариш маркази, Фанлар академияси ҳузуридаги илмий институтлар, Ўзбекистон кимё-фармацевтика илмий-тадқиқот институти, Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси, Ўзбекистон халқ табобати академияси, Шарқ табобати институти вакиллари ва худудлардан ташриф буюрган 2000га яқин тиббиёт ходимлари иштирок этди.
Тадбир доривор ўсимликлар хомашё базасидан самарали фойдаланиш, касалликларнинг олдини олиш ва даволашда доривор ўсимликларни кенг қўллаш, доривор ўсимликларнинг маданий плантацияларини барпо этаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш орқали чуқур қайта ишлашни ташкил этиш ҳамда қўшимча қиймат занжирини яратишни янги босқичга олиб чиқиш учун кенг имконият майдони бўлиб хизмат қилади.