Ахборот технологиялари соҳасида истиқболли стартап-лойиҳаларни амалга ошириш, уларни ички ва ташқи бозорларга чиқариш, ёш дастурчилар тайёрлаш, соҳада янги иш ўринларини яратиш мақсадида бугун Самарқанд шаҳрида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг(IТ-Парк) ҳудудий филиали замонавий инфратузилмага эга бинода ўз фаолиятини бошлади.

Бинони фойдаланишга топшириш бўйича ташкил этилган тантанали тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекось иштирок этди.

IT-Паркда коворкинг, резидентлар ва стартапчилар учун офис жойлари, замонавий ўқув хоналари, робототехника, киберспорт, музокара ва учрашувлар хоналари (meeting room), конференцзал, интервью зона, интернет-кафе ва бошқа ёрдамчи хоналар энг сўнгги услубдаги дизайн ҳамда замон талаблари асосида ташкил этилган.

Филиал вилоятда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида фаолият олиб бораётган юридик шахслар, олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик олиб боради.

Шунингдек, филиал қошида вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманларида ташкил этиладиган Рақамли технологиялар марказлари фаолият олиб боради. Ҳозирги кунда 6 та шаҳар ва туманларда мазкур марказлар ташкил этилди, жорий йил якунига яна 4 та шу каби марказлар ишга туширилади.

Филиал ташкил этилиши натижасида вилоятда 50 та янги IT корхоналар, 200 та янги иш ўринлари ва 100 дан ортиқ стартап лойиҳалар ишлаб чиқилиши режалаштирилмоқда.