«ANTE B.V.» компанияси сутни қайта ишлаш корхоналари учун асбоб-ускуналар ва замонавий технологияларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган, йилига 6 миллион литр эчки, қўй ва сигир сутини қайта ишлаш қувватли заводга эга. Компания ўз шерикларини доимий равишда қўллаб-қувватлашга интилади, жумладан, мутахассислар касб маҳоратини оширишга қаратилган тренинглар ўтказиб келади.

Х.Хеккинг Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидаги фермер хўжаликларидан бири базасида сутни қайта ишлаш заводи фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилаётганини маълум қилди. Мазкур лойиҳа Нидерландия Корхоналарни қўллаб-қувватлаш агентлигининг (RVO) грант маблағлари ва компаниянинг тўғридан-тўғри инвестициялари ҳисобига бажарилади.

Шунингдек, «ANTE-Uzbekistan» қўшма корхонасини ташкил этиш кўзда тутилган. Янги тузилма Нидерландиядан замонавий технологик ускуналар етказиб бериш, шунингдек, маҳаллий мутахассислар малакасини ошириш, ишлаб чиқариш корхоналарига техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланади.