Самарқанд вилоят ҳокимлиги мажлислар залида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма еттинчи сессияси ўз ишини бошлади.
Айни пайтда вилоят ҳокимлигида ўтказилаётган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма еттинчи сессиясида депутатлар томонидан қуйидаги масалалар муҳокама этилмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармасининг, вилоят ҳудудларида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” асосида амалга оширилаётган ишлар тизимли йўлга қўйилмаган секторлар раҳбарларининг, вилоятда ота-оналар қарамоғидан маҳрум бўлган, “Меҳрибонлик уйи”да тарбияланган ёшларнинг жамиятга ижтимоий мослашувини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва бошқа масалалар бўйича ҳисоботлар тингланмоқда.
Вилоят Кенгаши сессияси айтилишича, Самарқандда йилнинг иккинчи ярмидан буйрак трансплантацияси йўлга қўйилади. Мазкур амалиётни йўлга қўйиш учун вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг Ангиохирургия ва трансплантация бўлими, амалиёт блоки тўлиқ капитал таъмирланган.
Марказда буйрак трансплантацияси амалиётини ўтказиш бўйича ўтган йили муассаса врачлари ва тиббий ҳамширалардан иборат бригада Тошкент шаҳрида малака оширган.
Жорий йилнинг апрель ойида мазкур бригада 2-босқич малака оширишни давом эттиради. Май-июнь ойларида академик В.Воҳидов номли республика ихтисослаштирилган хирургия илмий амалий тиббиёт маркази мутахассислари марказга ташриф буюриб, маҳорат дарси сифатида буйрак трансплантацияси амалиётларини ўтказади.
Режага асосан, жорий йилнинг II ярмидан бошлаб вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази мутахассисларининг ўзлари бундай жарроҳлик амалиётини ўтказишади. Мазкур амалиёт жорий йил учун мўлжалланган Давлат дастури асосида йўлга қўйилмоқда.