Самарқанд шаҳрининг Чопон-ота ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилган янги Самарқанд автовокзалининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Лойиҳани амалга ошириш учун 12 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилди. Янги автовокзал замонавий меъморий ечимлар, энергия тежамкор технологиялар ва хавфсизлик стандартлари асосида қурилган.
Йўловчилар учун барча қулайликлар яратилган: кенг ва ёруғ кутув зали, она ва бола хонаси, болалар майдончаси, тиббиёт хонаси, электрон таблоларда қатновлар жадвалини кўрсатиш тизими, имконияти чекланган шахслар учун махсус пандус ва йўлаклар, автобус, микроавтобус ва йўналишсиз таксилари учун алоҳида кутув майдонлари, ҳайдовчилар дам олиш хонаси, автотранспортни техник кўрикдан ўтказиш хизмати ҳамда 24 соат ишлайдиган видеокузатув тизими шулар жумласидандир.
Автовокзал фақат транспорт маркази эмас, балки кенг қамровли хизмат кўрсатиш ва савдо ҳудуди сифатида ҳам фаолият юритади. У ерда 120 та савдо дўкони, 3 та замонавий ресторан, 14 та сервис шохобчаси, 1 та автосалон ва 2 та меҳмонхона жойлашган.
Автовокзалнинг ишга туширилиши натижасида 300 нафар аҳоли доимий иш ўрни билан таъминланди.
Очилиш маросимида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев сўзга чиқиб, ушбу лойиҳа Самарқанд вилоятида транспорт хизматлари сифатини янги босқичга олиб чиқиши, шаҳарлараро, вилоятлараро ва халқаро қатновлар самарадорлигини ошириши, аҳолининг вақт ва харажатларини тежашга хизмат қилиши ҳақида алоҳида таъкидлади.
Тадбир сўнгида маданий дастур уюштирилди. Унда вилоят ва пойтахтдан келган санъаткорлар куй-қўшиқлари билан иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашишди.
Самарқанд автовокзали келгусида нафақат республика ичида, балки халқаро йўналишларда ҳам муҳим транспорт марказига айланиши кутилмоқда. Бу эса шаҳарнинг логистика, транспорт ва сайёҳлик салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.