Санкт-Петербург-Самарқанд йўналиши бўйича AFL-2870 парвоз қилаётган, бортида 56 та йўловчиси бўлган “Aэрофлот” авиакомпаниясининг ҳаво кемаси маҳаллий вақт билан соат 10:50 да йўловчилардан бирининг (Ўзбекистон Республикаси фуқароси) саломатлиги ёмонлашгани ва унга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш зарурлиги сабабли, Қозоғистоннинг Қизилўрда аэропортига фавқулодда қўнди. 

Дастлабки маълумотларга кўра, йўловчида юрак хасталиги хуружи аломатлари кузатилган.

Экипаж самолётни энг яқин аэропортда қўндиришга қарор қилган.

Aэропортга қўнгач, йўловчи тез тиббий ёрдам машинасида малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун тиббиёт муассасасига олиб кетилган.

Тошкент вақти билан соат 12:20 да, бортида 55 та йўловчиси бўлган “Aэрофлот” авиакомпаниясининг самолёти Самарқанд аэропортига қўнишни амалга оширди.