Бугун Ёзувчилар уюшмаси самарқандлик ёшларни қарши олди. Тадбирда Самарқанд вилояти Оқдарё тумани “Навниҳол” ижодий жамоаси бошчилигида Республика Маънавият ва маърифат маркази,  Ёшлар ишлари агентлиги, Халқ таълими вазирлиги туман бўлимларининг вакиллари, тумандаги 50 та умумтаълим мактабининг иқтидорли ўқувчилари жам бўлди.

Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, уюшма аъзолари Орзиқул Эргашев, Ғайрат Мажид, Ботир Эргашев иштирокидаги адабий учрашув кўтаринки руҳда ўтди.

Унда Сирожиддин Саййид ёшлар билан юзма-юз мулоқот қилди. Уларнинг фикрларини эшитди. Бугунги адабий жараёнлар, китоб мутолааси, ёшларга яратилаётган шарт-шароитлар, ижодни, адабиётни севиш, берилган имкониятлардан кенг фойдаланиш ҳақида сўз юритди. Устозлар билан ўтган илиқ хотираларини ёдга олди. Йиғилганларга “Шеърият” номли шеърини ўқиб берди.

Шундан сўнг адиблар ёшларнинг ижод намуналарини тинглашди. Учрашувда Наврўз Ҳасанов, Чарос Қурбонова, Ойжамол Шодиева каби ёш ижодкорлар шеър ўқиб берди.

– Бугунги тадбирда “Навниҳол” тўгарагининг уч авлод вакиллари қатнашмоқда, – деди тўгарак раҳбари Ойгул Маматова. – Ижодкорлар даврасида ёшларимиз янада илҳомланиб, суҳбатимиз шеърхонликка айланиб кетди. Бу эса бугунги ниҳолларнинг адабиётга, ижодга бўлган иштиёқидан далолатдир. Устоз ижодкорлар билан очиқ мулоқотда бўлишлари уларнинг келгусидаги ижодий изланишларида катта мактаб вазифасини ўтайди.

Тадбир қатнашчиларига Ёзувчилар уюшмаси томонидан Сирожиддин Саййиднинг “Сўзмунчоқ”, Орзиқул Эргашевнинг “Юлдузсиз осмон”, Ғайрат Мажиднинг “Йўлдаман, нурли йўлда”, Гавҳар Ибодуллаеванинг “Ватан сийрати”дан иборат китоблар жамланмаси совға қилинди.

Педагоглар, ўқувчи-ёшлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тарихи музейида бўлди. Ундаги дурдона китоблар, экспонатларни музей мутахассиси Мунира Рамазонова яқиндан таништирди. Уларнинг музей тарихи ҳақидаги саволларига жавоб берди.

Ёш истеъдодларнинг Адиблар хиёбонига қилган саёҳати янада таассуротли бўлди. Устоз адибларнинг ҳайкаллари пойига гуллар қўйди. Бир сўз билан айтганда, самарқандлик ёшлар адабиёт ўчоғидан эсда қоларли хотираларга эга бўлиб қайтишди.

Зулайҳо Аҳмаджонова,
журналист