Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилоятида йигит-қизларни тракторчи-машинист касбига йўналтириш юзасидан кенг қамровли тадбирлар ўтказилмоқда. Вилоятнинг Каттақўрғон туманида ўтказилган ўқув семинари ҳам шу мавзуга бағишланди.
“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва Каттақўрғон туман бўлими ташаббуси билан Каттақўрғон шаҳар касб-ҳунар мактабида ўтказилган ўқув семинарда вилоятдаги мавжуд 18 та давлат ҳамда 1 та нодавлат касб-ҳунар мактаблари директорлари иштирок этишди.
— Қатнашчиларга дастлаб малакали тракторчи-механизаторларни тайёрлаш юзасидан замонавий техника парки шакллантирилиши бўйича атрофлича маълумот берилди, — дейди “Ўзагроинспекция”нинг Каттақўрғон туман бўлими бошлиғи Нурали Намозов. — Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарорига асосан, эндиликда тракторчи-машинист касбини эгалламоқчи бўлган ёшлар III-класс тоифасини олиш учун 280 соатдан кам бўлмаган назарий ва амалий ўқув дастури, II – ва I – класс тоифалари учун 86-соатлик ўқув дастури асосида ўқитилади. Тракторчи-машинистлар назарий билимлар билан бир қаторда амалий машғулотлар асосида олган билимларини синовдан ўтказишади. Бунинг учун касб-ҳунар мактаблари қошида замонавий жиҳозланган трактордромлар ташкил этилмоқда. Унда тингловчилар қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини турли вазиятларда бошқариш бўйича маҳоратларини синовдан ўтказишади.
— Эътиборли жиҳати шундан иборатки, эндиликда тракторчи-машинист касбини эгаллаш истагида бўлган ёшлар белгиланган ўқув курсини тўлиқ тугатгач, назарий ва амалий жиҳатдан тест синовларидан ўтказилади, — дейди Агроинспекциянинг вилоят бошқармаси бош инспектори Шахриддин Бутунов. — Ундан мувофаққиятли ўтганларга инспекциянинг Самарқанд шаҳар ва туманлар бўлимлари томонидан гувоҳномалар берилади. Бугунги кунда вилоятдаги мажуд давлат ва нодавлат касб-ҳунар мактабларида 1118 нафар ёшлар таълим олишмоқда. Уларнинг 447 нафарига тракторчи-машинист гувоҳномалари берилди.
Ўқув семинар давомида малакали мутахассисларни тайёрлаш юзасидан назарий ва амалий машғулотларни замон талаблари асосида ташкил этиш бўйича галдаги вазифалар белгилаб олинди.
“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси
ахборот хизмати