Санъатсевар халқмиз. Байрамларимиз, тўй-томошаларимиз, қўйингки, ҳар қандай хурсандчилигимиз куй-қўшиқларсиз ўтмайди. Шу боис мамлакатимизда миллий санъатимизни ривожлантириш, ижод аҳлини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соҳада соғлом рақобат муҳитини яратишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Кейинги йилларда ёш иқтидор эгаларини кашф этиш, уларнинг ўз истеъдодларини тўла намоён қилишлари учун қулай шароит яратилди. Ёши улуғ устоз санъаткорларнинг ҳурмати жойига қўйилиб, уларни эъзозлаш ҳар қачонгидан ҳам кучайди. Бундай эзгу ишлар замирида санъат ва маданият равнақи орқали халқимиз, айниқса, навқирон авлод маънавиятини юксалтиришдек улуғвор мақсадлар мужассам экани ҳар биримизни чексиз қувонтиради.
Президентимизнинг 2022 йил 13 июлдаги “Концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслардан давлат божини ундириш ҳамда уларни солиққа тортиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони соҳа ривожида янги имкониятларни белгилаб бериши билан аҳамиятлидир.
Кўпчиликка аён: санъаткорлардан давлат божи ундириш ва уларни солиққа тортиш шу вақтга қадар анчайин тартибсиз амалга ошириб келинди. Мазкур тўловларнинг шаҳарларда фаолият юритаётган ижод аҳли даромадларини ҳисобга олиб белгиланиши, яъни нисбатан юқори экани марказдан чекка ва олис ҳудудларда фаолият олиб бораётган соҳа вакилларига қийинчилик туғдирарди. Бу эса уларнинг имкониятларини чеклар, аксар ҳолларда ноқонуний фаолият юритишига олиб келарди. Шу маънода қанчадан-қанча истеъдод соҳиблари лицензия ололмай, ўзини кўрсатолмай, омадини бошқа йўналишлардан излагани бор гап.
Эндиликда бу борадаги оворагарчиликлар, қийинчиликлар, муаммолар бартараф этилди. Яъни мазкур Фармон билан концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш лицензияси учун давлат божини ундириш ва ушбу лицензияга эга шахсларни солиққа тортиш тизими такомиллаштирилди. Санъаткорлар учун қулай ижодий муҳит яратилди.
Янги тартибга асосан концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш лицензияси учун давлат божи сезиларли пасайтирилмоқда, солиқ миқдори камайтириляпти. Концерт-томоша фаолиятини лицензия асосида амалга оширувчи ижрочиларнинг рейтинг гуруҳлари соддалаштирилиб, уларнинг сони олтитадан учтага қисқартирилди.
Ҳужжатда аҳолига концерт-томоша хизматларини кўрсатиш ҳуқуқи ижрочиларнинг рейтинг гуруҳлари орасида қандай тақсимланиши алоҳида-алоҳида белгилаб қўйилди. Унга мувофиқ, биринчи рейтинг гуруҳи ижрочиларига республика ҳудудида ва унинг ташқарисида яккахон концерт ташкил этиш, иккинчи ва учинчи рейтинг гуруҳлари ижрочилари учун назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланиш имконияти берилмоқда.
Иккинчи рейтинг гуруҳи ижрочилари битта жанрнинг икки ва ундан кўп ижрочилари иштирокидаги концерт-томоша дастурида, турли жанрлар йўналишларининг бир нечта ижрочилари иштирокидаги концерт-томоша дастурида қатнашиши, оммавий ахборот воситаларида қўшиқлар ва видеоклипларни тақдим этиши, учинчи рейтинг гуруҳи ижрочиси учун назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланиши мумкин.
Учинчи рейтинг гуруҳи ижрочиларига тўй, юбилей ҳамда бошқа маросим ва тантаналарда, жумладан, тўйхона, ресторан, клуб, дискотека, бар ва қаҳвахоналарда ва хусусий уйларда концерт-томоша хизматларини кўрсатиш, созандалар, раққос ва раққосалар томонидан битта жанрнинг икки ҳамда ундан кўп ижрочилари иштирокидаги концерт-томоша дастурларини ташкил этиш ва уларда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди.
Ҳужжат билан давлат божи ва солиқ ставкалари пасайтирилгани соҳа вакилларини қувонтирган алоҳида жиҳат. Дунё тажрибасига ҳам эътибор берсак, бу борадаги тартиблар ғоят содда ва ихчамдир. Бу яширин иқтисодиётни камайтиради. Ижод аҳлининг турли бюрократик тўсиқлар ва сансалорликларга дуч келишининг олдини олади.
Ўзбекистонда ҳам бу борада ташланган қадам хайрли бўлишига шубҳа йўқ. Эндиликда I рейтинг гуруҳи учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида, II рейтинг гуруҳи 10 баравари миқдорида, III рейтинг гуруҳи 3 баравари миқдорида давлат божи тўлайди. Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар, ногиронлиги бўлганлар, талабаларнинг давлат божини тўлашдан бутунлай озод этилгани эса инсонпарварлик сиёсатининг яна бир ифодаси бўлди.
Янги тартибга кўра, концерт-томоша фаолиятини лицензия асосида амалга оширувчи жисмоний шахсларга даромад солиғини декларация асосида ёки қатъий белгиланган миқдорда тўлаш ҳуқуқи берилмоқда. 2024 йил 1 январдан бошлаб хонандалардан, 2026 йил 1 январдан бошлаб қолган ижрочилардан даромад солиғи фақат декларация асосида ундирилади.
Шу вақтга қадар ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаб келган соҳа вакиллари эндиликда бир йилда бир маротаба фақат даромад солиғи тўлайди. Декларация асосида солиқ тўлашни танлаган ижрочилар учун йиллик умумий даромаднинг 30 фоизи миқдоридаги харажатлар тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмаган ҳолда чегирилади. Тасдиқланган харажатлар суммаси умумий даромаднинг 30 фоизидан ошган тақдирда қўшимча равишда ушбу даромаднинг 10 фоизи миқдори чегирилади. Лицензия олиш учун ундирилган давлат божи ва ижтимоий солиқ суммалари харажат сифатида қайд этилади ҳамда даромадлар таркибидан чиқарилади.
Қатъий белгиланган миқдордаги солиқ тўлашни танлаган ижрочилардан даромад солиғи бир йилда бир марта I рейтинг гуруҳи ижрочиларидан 2,7 миллион сўм миқдорида, II рейтинг гуруҳи ижрочиларидан 1,8 миллион сўм миқдорида, III рейтинг гуруҳи ижрочиларидан бир миллион сўм миқдорида ундрилади. 2024 йил 1 январга қадар III рейтинг гуруҳи ижрочилари қатъий белгиланган миқдордаги солиқ тўлашдан озод этилади.
2025 йил 1 январга қадар концерт-томоша фаолиятини лицензия асосида амалга оширувчи жисмоний шахслар меҳнат шартномаси асосида банд бўлмаган тақдирда, улардан концерт-томоша фаолияти бўйича ижтимоий солиқ бир йилда базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида ундирилади.
Концерт-томоша фаолиятини лицензия асосида амалга оширувчи жисмоний шахсларнинг юридик шахсларга хизмат кўрсатишдан олган даромадларидан, улар томонидан танланган солиқ режимидан қатъий назар, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ тўлов манбаида ушлаб қолинади. Юридик шахс ташкил этган ҳолда концерт-томоша фаолиятини лицензия асосида амалга оширувчи ижодий жамоалар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқни юридик шахслар учун ўрнатилган тартибда тўлайди.
Фармон билан соҳада замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ҳам белгиланган. Бу ҳам санъат вакилларига осонлик яратади. Шу маънода Президентимизнинг “Концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслардан давлат божини ундириш ҳамда уларни солиққа тортиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони санъаткорларга кенг қулайликлар яратиб, уларнинг ўз ишига иштиёқини, меҳрини янада оширади.
Уларни шу вақтга қадар бўлган турли сарсонгарчиликлар, бюрократик тартиблардан қутқаради. Бу ҳам бўлса, мамлакатимизда “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойилнинг яна бир ҳаётий намоёни десак, асло адашмаймиз.
Озодбек Назарбеков,
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири