Дўст ачитиб гапирар — душман кулдириб дейишади. Ширин, силлиқ гапириш тўғрисини айтишдан кўра анча осон. Зеро, дўст бўлиб жон койитиш, яъники, аслида яхшилик соғина туриб ёмон кўриниш эвазига тўғри гапириш ҳар кимга ҳам эмас.

Шу маънода “Яхшидир аччиқ ҳақиқат” деб номланган китобга ҳаётиқ ҳақиқатларни жамлаган Гулчеҳра Умаровани ҳаммага дўстликни соғинадиган ижодкор, дейиш мумкин. Диплом иши сабаб санъатга меҳри тушган журналист шу кунгача ўзини санъатдан бир зум айро тасаввур қила олмади. У адабиёт, маданият, санъат билан яшайди, санъаткорлар руҳиятини ўрганади, санъат мавзусини ёниб ёзади.

Опанинг мақолалар тўплами тақдим этилиши муносабати билан Ёзувчилар уюшмасининг табаррук остонасидан кирар эканман, одамларимиз қалбидан жой олган кўплаб қадрдон чеҳраларни кўриб қувондим. Санъатни, санъат ҳақидаги соҳир сўзларни севганларнинг бари шу ерда экан.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ғоят самимий, илиқ дил сўзлари билан даврани очиш баробарида Гулчеҳра Умарованинг уюшмага аъзо бўлганини эълон қилди. Тадбир давомида сўз олган  Аҳмаджон Мелибоев, Шуҳрат Ризаев, Олимжон Ўсаров, Салим Ашур, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нур, журналист Нозима Воҳидоваларнинг ҳар бири Гулчеҳра Умарова шахсига гўзал фикрлар, китоб ичидаги мақола, эсселарга эътирофлар билдирдилар. Санъатни холис муносиб баҳолаш, унинг ривожи йўлидаги муаммоларни аниқ-тиниқ айтиш учун сиз каби тилида “ширин тикан”и бор фидойи инсонлар ғоят зарурлигини уларнинг барчаси бирдек таъкидлади.

Тўпламга “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев сўзбоши ёзган. Унда “Гулчеҳра кўп йилар давомида қоғозга туширган фикрларини жамлаб, китоб ҳолига келтирибди. Уларнинг аксариятини қўлёзма ҳолида ўқиганман, у ер-бу ерига қалам теккизганим ҳам бор. Аммо бугун тўплам ҳолида ўқиб, касбимизнинг фидойи вакилларидан бири узоқ йиллик ижод умрини беҳуда ўтказмаганига яна бир бор амин бўлдим”, деган самимий жумлалари бор ёзувчининг.

 Китоб 2021 йилда “Ғафур Ғулом” нашриётида чоп этилган. 500 нусхада нашрдан чиққан китобни қўлга олдиму, шошиб варақладим. Бош кўтармай, зерикмай, маза қилиб ўқийдиган китоб бўлибди.

Тақдимотда сўзга чиққан адабиётшунослар, журналистлар тўпламнинг моҳияти ва муаллифнинг ижодий изланишлари ҳақида гапирди.

Санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар дилларга ҳузур бағишлади. Тадбир сўнггида муаллиф барча йиғилганларга ҳурмат ва эътибор, тўплам борасида билдирилган фикр-мулоҳазалар учун миннатдорлик билдирди.

 

Муножат Мўминова,

“Янги Ўзбекистон” мухбири