Чунки бу йўлда самарали меҳнат қилаётган уста деҳқонлар вақтнинг қадрига етади, ундан унумли, мақсадли фойдаланиш йўлларини излайди.
Бу хусусида сўз айтганда, фарғоналик томорқачиларнинг амалий иш тажрибаси эътиборга молик. Кейинги йилларда томорқадан бир неча бор ҳосил олиш ва мўмай даромадга эга бўлиш борасида янги иш тажрибалари ҳаётга татбиқ этилмоқда. Катта-кичик гап-гаштакларда суҳбат мавзуси, албатта, деҳқончилик, томорқачиликдан мўл даромад олиш, оила фаровонлиги, ҳудудлар ободлиги ҳақида бўлади, тажриба алмашилади.
Деҳқончиликда инновацияларни жорий этиш борасидаги ютуқлар салмоғи йилдан йилга ортиб бормоқда. Натижада маҳаллалардаги пастқам, пахса деворли уйлар ўрнида замонавий меъморчилик андозалари билан уйғунлашган, шинам хонадонлар бўй кўрсатмоқда. Деярли ҳар бир оила замонавий автомашинага эга бўляпти.
Фарғона тумани “Фарғона” маҳалла фуқаролар йиғинида бу борада кўплаб ибратли ишлар қилинмоқда. Ҳудуддаги 810 та хонадон эгалари томорқачиликни барқарор даромад манбаи деб билади. Бу ерда қиш фаслида ҳам бодринг, помидор, қалампир етиштириш оммалашган. Жумладан, Алишер Акбаров адирларда иссиқхона ташкил қилиш борасида тажриба тўплаган деҳқонлардан. У 50 сотих ерда бодринг, 1 гектар ерда қалампир парваришлаб келади.
— Мавсумда 25 тонна бодринг, 20 тоннадан зиёд қалампир ҳосили оламиз, — дейди деҳқон. — Кейинги йилларда иссиқхоналар фаолиятини ривожлантириш, қўллаб-қувватлашга эътибор ошди. Энергия таъминоти, солиқ соҳасидаги имтиёзлар ҳам фаолиятимиз самарали бўлишида ўзига хос таянч вазифасини ўтаяпти. Маҳаллий бозордан ташқари Европага ҳам маҳсулот етказиб беришни кўзлаяпмиз. Бунинг учун имкониятлар етарли. Ҳозирда Нидерландиядан олиб келинган бодринг навларини маҳаллий шароитда синовдан ўтказяпмиз. Натижа кутилганидек. Янги навлар иқлим шароитимизга мос келди. Ҳосилдорлиги юқори. Бундан ташқари, табиий биологик қўшимчалар билан бойитилган экологик тоза органик сабзавотлар етиштириш устида ишлаяпмиз.
Маҳалла фуқаролар йиғинида бундай инновацион ғояларни тарғиб этиш, илғор тажрибаларни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Аҳолига деҳқончилик маданиятини ошириш, томорқадан унумли фойдаланиш учун кўмаклашилмоқда. Сара уруғ, маҳаллий ва кимёвий ўғит, зарур анжомлар етказиб бериш сингари қўшимча хизматлар йўлга қўйилган.
— Саксондан ортиқ хонадон томорқасидаги иссиқхоналарда бодринг, помидор, қалампир ва бошқа цитрус мевалар етиштирилади, — дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Улуғбек Иброҳимов. — Ўтган йили иссиқхона қуриш истагини билдирган ташаббускор 10 кишига 200 миллион сўмлик кредит берилди. Бунинг ҳисобига 20 дан ортиқ одамнинг бандлиги таъминланиб, доимий даромадга эга бўлди. Жорий йилда яна 30 хонадонда иссиқхоналар ташкил этиш юзасидан микролойиҳалар ишлаб чиқилди.
Иссиқхона шароитида юқори ҳосил олиш учун ўсимликларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш, фитосанитар талабларга амал қилиш жуда муҳим. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан “Долзарб 30 кунлик” тадбири эълон қилинди. Унинг доирасида “Карантин хизмати — деҳқонга кўмакчи” шиори остида ҳудудлардаги иссиқхоналарда зарарли организмларга қарши уйғунлашган кураш чоралари кўрилмоқда.
— Карантин инспекторлари жойларга бориб, сайёр, мобил лаборатория орқали агрокластер, фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда аҳоли томорқаларидаги иссиқхоналарда фитосанитария ҳолатини назорат қиляпти, — дейди Фарғона тумани фитосанитария лабораторияси мудири Абдурауф Мақсудов. — Асосий мақсад иссиқхонада етиштирилаётган сабзавот ва цитрус экинларни зарарли ҳашаротлардан ҳимоялаш ва уларга қарши курашиш юзасидан иссиқхона эгаларига керакли тавсия, тушунчалар беришдир. Бу амалий чора-тадбирлар фитосанитария жиҳатидан тоза қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ва сифатини ошириш, экспорт миқдорини кўпайтириш имконини беради.
Фарғона вилоятидаги 260 гектардан ортиқ майдонда саноатлашган замонавий иссиқхоналар ташкил этилган. Уларда нафақат ердан унумли фойдаланиш, балки йил давомида бозоргир сабзавот маҳсулотларини етиштириш мумкин. Мазкур иссиқхоналар майдонининг катта қисми аниқ ихтисослашув асосида фаолият юритаётгани иқтисодий барқарорлик, озиқ-овқат хавфсизлиги ва ижтимоий фаровонликни таъминлашга хизмат қилаётир. Айни кунларда инновацион лойиҳалар асосида 86 гектар ерда помидор, 24 гектарда бодринг, 4 гектарда булғори ва аччиқ қалампир етиштириляпти.
Расулжон КАМОЛОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири