Чунки бу йўлда самарали меҳнат қилаётган уста деҳқонлар вақтнинг қадрига етади, ундан унумли, мақсадли фойдаланиш йўлларини излайди.

Бу хусусида сўз айтганда, фарғо­налик томорқачиларнинг амалий иш тажрибаси эътиборга молик. Кейинги йилларда томорқадан бир неча бор ҳосил олиш ва мўмай даромадга эга бўлиш борасида янги иш тажрибалари ҳаётга татбиқ этилмоқда. Катта-кичик гап-гаштакларда суҳбат мавзуси, ал­батта, деҳқончилик, томорқачиликдан мўл даромад олиш, оила фаровонли­ги, ҳудудлар ободлиги ҳақида бўлади, тажриба алмашилади.

Деҳқончиликда инновацияларни жорий этиш борасидаги ютуқлар сал­моғи йилдан йилга ортиб бормоқда. Натижада маҳаллалардаги пастқам, пахса деворли уйлар ўрнида замона­вий меъморчилик андозалари билан уйғунлашган, шинам хонадонлар бўй кўрсатмоқда. Деярли ҳар бир оила за­монавий автомашинага эга бўляпти.

Фарғона тумани “Фарғона” ма­ҳалла фуқаролар йиғинида бу борада кўплаб ибратли ишлар қилинмоқда. Ҳудуддаги 810 та хонадон эгалари томорқачиликни бар­қарор даромад манбаи деб билади. Бу ерда қиш фаслида ҳам бодринг, помидор, қалампир етиштириш оммалашган. Жумладан, Алишер Акбаров адирларда иссиқхона ташкил қилиш борасида тажриба тўплаган деҳқонлардан. У 50 сотих ерда бодринг, 1 гектар ерда қалампир пар­варишлаб келади.

— Мавсумда 25 тонна бодринг, 20 тоннадан зиёд қалампир ҳосили оламиз, — дейди деҳ­қон. — Кейинги йилларда иссиқхоналар фао­лиятини ривожлантириш, қўллаб-қувватлашга эътибор ошди. Энергия таъминоти, солиқ со­ҳасидаги имтиёзлар ҳам фаолиятимиз сама­рали бўлишида ўзига хос таянч вазифасини ўтаяпти. Маҳаллий бозордан ташқари Европа­га ҳам маҳсулот етказиб беришни кўзлаяпмиз. Бунинг учун имкониятлар етарли. Ҳозирда Ни­дерландиядан олиб келинган бодринг навлари­ни маҳаллий шароитда синовдан ўтказяпмиз. Натижа кутилганидек. Янги навлар иқлим ша­роитимизга мос келди. Ҳосилдорлиги юқори. Бундан ташқари, табиий биологик қўшимча­лар билан бойитилган экологик тоза органик сабзавотлар етиштириш устида ишлаяпмиз.

Маҳалла фуқаролар йиғинида бундай ин­новацион ғояларни тарғиб этиш, илғор таж­рибаларни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Аҳолига деҳқончилик маданияти­ни ошириш, томорқадан унумли фойдаланиш учун кўмаклашилмоқда. Сара уруғ, маҳаллий ва кимёвий ўғит, зарур анжомлар етказиб бе­риш сингари қўшимча хизматлар йўлга қўйил­ган.

— Саксондан ортиқ хонадон томорқасидаги иссиқхоналарда бодринг, помидор, қалампир ва бошқа цитрус мевалар етиштирилади, — дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Улуғбек Иброҳи­мов. — Ўтган йили иссиқхона қуриш истагини билдирган ташаббускор 10 кишига 200 мил­лион сўмлик кредит берилди. Бунинг ҳисобига 20 дан ортиқ одамнинг бандлиги таъминланиб, доимий даромадга эга бўлди. Жорий йилда яна 30 хонадонда иссиқхоналар ташкил этиш юза­сидан микролойиҳалар ишлаб чиқилди.

Иссиқхона шароитида юқори ҳосил олиш учун ўсимликларни зараркунанда ва касаллик­лардан ҳимоя қилиш, фитосанитар талабларга амал қилиш жуда муҳим. Ўсимликлар каранти­ни ва ҳимояси агентлиги томонидан “Долзарб 30 кунлик” тадбири эълон қилинди. Унинг доирасида “Карантин хизмати — деҳқонга кў­макчи” шиори остида ҳудудлардаги иссиқхона­ларда зарарли организмларга қарши уйғунлаш­ган кураш чоралари кўрилмоқда.

— Карантин инспекторлари жойларга бориб, сайёр, мобил лаборатория орқали агрокластер, фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда аҳоли то­морқаларидаги иссиқхоналарда фитосанитария ҳолатини назорат қиляпти, — дейди Фарғона тумани фитосанитария лабораторияси мудири Абдурауф Мақсудов. — Асосий мақсад иссиқ­хонада етиштирилаётган сабзавот ва цитрус экинларни зарарли ҳашаротлардан ҳимоялаш ва уларга қарши курашиш юзасидан иссиқхона эгаларига керакли тавсия, тушунчалар бериш­дир. Бу амалий чора-тадбирлар фитосанитария жиҳатидан тоза қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ва сифатини ошириш, экс­порт миқдорини кўпайтириш имконини беради.

Фарғона вилоятидаги 260 гектардан ортиқ майдонда саноатлашган замонавий иссиқхо­налар ташкил этилган. Уларда нафақат ердан унумли фойдаланиш, балки йил давомида бо­зоргир сабзавот маҳсулотларини етиштириш мумкин. Мазкур иссиқхоналар майдонининг катта қисми аниқ ихтисослашув асосида фао­лият юритаётгани иқтисодий барқарорлик, озиқ-овқат хавфсизлиги ва ижтимоий фаровон­ликни таъминлашга хизмат қилаётир. Айни кун­ларда инновацион лойиҳалар асосида 86 гектар ерда помидор, 24 гектарда бодринг, 4 гектарда булғори ва аччиқ қалампир етиштириляпти.

Расулжон КАМОЛОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири