Тадбирдан кўзланган мақсад Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида туризм соҳасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, зиёрат туризм йўналишини кенг тарғиб қилиш ҳамда мамлакатимизга саудиялик сайёҳларнинг сонини кўпайтириш борасидаги масалаларни муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Дипломатик миссия раҳбари бугунги кунда мамлакатимизда туризм соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар ҳақида маълумот тақдим қилди.

Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, қадимий меъморий ва археологик обидалари, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Термиз, Қўқон ва Тошкент шаҳарларининг туристик салоҳияти ҳақида ҳақида сўзлаб берилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Президентининг жорий йил август ойида Саудия Арабистонига амалга оширган ташрифи чоғида эришилган келишувлар, жумладан, Саудия фуқароларига 2023 йил
1 январдан бошлаб 30 кунлик муддатга Ўзбекистонга визасиз кириш имконияти яратилганига эътибор қаратилди.

Абдулазиз Сулаймон мазкур янгилик саудияликлар томонидан мамнуният билан кутиб олингани, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги тўғридан-тўғри авиақатновлар сонини янада кўпайтириш муҳимлигини таъкидлади. Жумладан, Ар-Риёд-Тошкент, Жидда-Самарқанд, Мадина-Наманган йўналишлари бўйича янги қатновларни жорий этиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди. Мазкур йўналишлар сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва ўзаро савдо ҳажмини оширишга хизмат қилишини билдирди.

“Saudi International Travel Co.”  раҳбари сўнгги йилларда саудиялик сайёҳларнинг Ўзбекистонга сафар қилишга қизиқиши тобора ортаётганини билдириб, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга доир қатор таклифларни илгари сурди.