Жумладан, соҳага оид қатор муҳим ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилиняпти. Ёлғиз қариялар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, улар ҳолидан хабар олиш, ғамхўрлик кўрсатиш учун барча зарур шарт-шароит яратилаётир. Ижтимоий соҳага жамоатчилик эътиборини кучайтириш, манзилли ижтимоий ҳимояни кафолатлаш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бирига айланмоқда.
Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги директори ўринбосари Баҳодир Каримов билан суҳбатимиз тиббий-ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг муҳим омили бўлаётган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг ижроси юзасидан бажарилаётган ишлар хусусида кечди.
— Охирги тўрт йилда мамлакатимизда ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва имконияти чекланган болаларга тиббий-ижтимоий ёрдам ҳамда хизмат кўрсатишнинг кўлами анча оширилди. Соҳани шундай жадал ривожини таъминлаётган қонун ва қонуности ҳужжатларида белгиланган вазифаларнинг ижроси ва натижаси ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
— Конституциямиз ҳамда қатор ҳуқуқий ҳужжатларда тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш бўйича меъёрлар мустаҳкамлаб қўйилгани туфайли соҳада бажарилаётган ишлар кўлами кенгаймоқда. Жумладан, Бош қомусимизнинг 39-моддасида “Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга. Пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас”, деб таъкидлангани аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш қонуний асосга эга эканини белгилаб беради.
2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг тўртинчи йўналиши “Ижтимоий соҳани ривожлантириш” деб номланди. Унинг асосида улкан самарали ишлар бажарилди. Ижтимоий соҳа тубдан ислоҳ қилинди. Аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ижтимоий ҳимояси ҳамда кексалар ва имконияти чекланган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш, ижтимоий хизмат кўрсатишни яхшилаш, жараёнда давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди. Жисмоний имконияти чекланган инсонларнинг ҳуқуқини таъминлайдиган қатор ҳужжатлар қабул қилинди.
— Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигининг айни вақтдаги фаолияти ҳақида фикр билдирсангиз.
— Агентлик тузилмасига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри тиббий-ижтимоий хизматлар бўлимлари, туман (шаҳар) тиббий-ижтимоий хизматлар шўъбалари, уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати, ногиронлиги бўлган шахслар ва кексалар учун “Мурувват” ва “Саховат” интернат уйлари, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийлар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика санаторийлари, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитиция қилиш ва протезлаш ҳудудий марказлари, Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлимлари, Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация маркази киради.
Ўз-ўзидан аёнки, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояталаб қатламига манзилли ёрдам кўрсатиш, соҳада бажарилаётган ишлар самарадорлигини таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратиш агентлик зиммасидаги энг долзарб вазифа ҳисобланади. Биргина ўтган йили “Мурувват” ва “Саховат” интернат уйларида васийликка олинганлар учун байрам дастурхонлари ёзилди. Жами 325 та турли маиший техника ускунаси етказиб берилди, 52 та реабилитация техника воситаси билан таъминланди. Интернат уйларига 1,9 миллиард сўмлик ҳомийлик кўмаги берилди. Республика бўйича муҳтож фуқароларга жами 1580 дона ногиронлик аравачаси, 829 дона эшитиш мосламаси, 1014 дона ҳасса, 468 жуфт қўлтиқтаёқ, 130 дона кўзи ожизлар ҳассаси, 106 дона ходунок, 3704 дона протез-ортопедия буюмлари етказиб берилди. Маҳаллий ҳокимликлар ва ҳомийлар томонидан кир ювиш машиналари, дазмоллар, дазмол столлари, музлаткичлар, телевизорлар, кир ёйиш мосламалари каби маиший техникалар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. 600 нафардан ортиқ ёлғизлар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг таъмирталаб уй-жойлари таъмирланди, ўзлари бепул тиббий кўриклардан ўтказилди.
Ўн етти минг нафар оғир шароитдаги, ўзгалар парваришига муҳтож, якка ёлғиз ва ёлғиз истиқомат қилувчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳолидан хабар олинди ва турли кўринишдаги кўмак кўрсатилди. Қарийб 3 минг нафардан зиёд кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга бепул санатор йўлланмалари ажратилди, 1,8 минг нафар зиёд ногиронлиги бўлган шахсларга реабилитация марказларида тиббий-ижтимоий реабилитация тадбирлари ўтказилди.
— Барча соҳада кўплаб самарали лойиҳалар, улкан ўзгаришлар, қурилишлар амалга оширилмоқда. Айнан тиббий-ижтимоий хизматлар соҳасидаги ўзгариш ва бунёдкорлик ишлари ҳақида гапирсангиз.
— Айрим мамлакатларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясига, ижтимоий масалаларни ҳал этишга эътиборсиз қараш, нотўғри ёндашувлар жуда катта ижтимоий тангликни келтириб чиқаргани кўпчиликка маълум. Мамлакатимизда эса ҳар йили давлатимиз бюджетининг ярмидан зиёди ижтимоий соҳаларни молиялаштиришга сарфланади. Ўша маблағларнинг маълум бир қисми имконияти чекланган фуқароларнинг ўксик кўнглини кўтаришга қаратилган энг долзарб масалалар ҳал этишга йўналтирилади. Натижада эса мавжуд 33 та темир йўл вокзалида ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсиқсиз ҳаракатланиши учун зарур бўлган шарт-шароитлар яратилган. Тошкентдаги Жанубий ва Шимолий вокзаллар ҳамда Самарқанд темир йўл вокзалида мослашлаштирилган ерости ўтиш йўлаклари ташкил қилинган. Барча темир йўл вокзаллари махсус аравачалар билан таъминланган. Ушбу аравачалар ҳаракатланиши учун алоҳида йўлаклар ташкил этилган. Тошкентдаги Жанубий ҳамда Наманган темир йўл вокзалларида йўловчиларнинг эркин ҳаракатланишлари учун юқорига ҳамда пастга ҳаракатланувчи қурилма ишга туширилган. Тўртта “Афросиёб” электропоездининг ҳар бирида иккитадан мослаштирилган ўринлар ажратилган. Халқаро ҳамда маҳаллий йўналишларда ҳаракатланувчи йўловчи поездларини мослаштириш мақсадида 2 дона “ногиронлиги бўлган йўловчилар вагони” харид қилинди. Уларнинг ҳар бирида ногиронлиги бўлган йўловчилар учун 2 тадан жой мавжуд. Тошкентдаги Жанубий ва Шимолий темир йўл вокзалларида 4 та сурдо-онлайн таржимонли планшетлар ўрнатилган. Республикамизнинг барча аэропортларида Халқаро авиатранспорт ассоциацияси талабларига ва ички норматив ҳужжатларга мувофиқ, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаракатланиши учун зарур шароитлар яратилган.
Ҳар бир аэропорт ва аэровокзалларга кириш ва чиқиш ҳудудида пандуслар ўрнатилган, алоҳида мослаштирилган ҳожатхона ва мосламалар мавжуд. Барча аэропортларда ногиронлиги бўлган шахсларга навбатсиз хизмат кўрсатиш, узлуксиз тиббий хизмат тизими йўлга қўйилган, мослаштирилган аравачалар билан таъминланган. Тошкент ва Навоий аэропортлари жисмоний имконияти чекланган шахсларни ҳаво кемасига чиқариш ва тушириш учун амбулифт машиналари билан жиҳозланган.
Шунингдек, Қарши шаҳридаги “Қарши”, Урганч шаҳридаги “Урганч” санаторийларнинг моддий техник базасини яхшиланиб, уларнинг ҳар бирида етарлича тиббий анжомлар, ускуналар ўрнатилган. Ана шундай санаторийларнинг яна бири яқинда Бухоро вилоятида ўз фаолиятини бошлайди. 4 ёшдан 18 ёшгача бўлган ногиронлиги бор болаларни қабул қилишга мўлжалланган, 150 ўринли Қумқўрғон “Мурувват” болалар интернат уйи фойдаланишга топширилди. Ушбу масканда амалга оширилган бунёдкорлик ишларига давлат бюджетидан 15,5 миллиард сўм маблағ сарфланди.
2000 йилдан буён умуман капитал реконструкция ишлари амалга оширилмаган, анча таъмирталаб аҳволга келиб қолган, 300 ўринга мўлжалланган Қўқон “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйи 2020-2021 йилларда қурилиш реконструкция қилиш дастурига киритилган. Натижада жорий йилнинг бошида ушбу масканнинг янги биноси фойдаланишга топширилди. Кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда нуронийларнинг дуолари билан бошланган мазкур икки қаватли, 80 ўринга мўлжалланган бинони бунёд этиш учун давлат бюджетидан 4,5 миллиард сўм маблағ сарф этилди. Қурилиш тармоқларини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли тиббий-ижтимоий муассасаларда бир йилда амалга оширилган қурилиш-реконструкция ишлари ҳажми 47,6 миллиард сўмдан 91,9 миллиард сўмгача бўлган маблағни ташкил этмоқда.
— Келгусида агентлик олдида турган вазифалар ҳақида қисқача фикр билдирсангиз.
— 2021 йилда ҳам агентлик ногиронликнинг олдини олиш, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий реабилитация ҳамда тиббий-ижтимоий ёрдам чораларини амалга ошириш соҳасида комплекс дастурларни ишлаб чиқишда бундан-да фаол иштирок этади. 120 минг нафар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар тиббий-ижтимоий хизмат билан қамраб олинади. Кексалар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий-ижтимоий ёрдамнинг янги шакл ва механизмини татбиқ этиш, тиббий-ижтимоий экспертиза, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларини реабилитация қилиш фаолияти янада мувофиқлаштирилади.
Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази билан ҳамкорликда интернат уйига қабул жараёнлари ва интернат уйида давлат таъминотига олинган шахсларнинг автоматлашган ягона маълумотлар базаси яратилади. Интернат уйига расмийлаштиришда фуқаро билан хизмат кўрсатувчининг бевосита мулоқотини кескин камайтирилади, босқичма-босқич электрон ҳужжат алмашинуви онлайн режимда Ягона давлат хизматлари тизими орқали амалга оширилади. Муассасада тўлиқ давлат таъминотига олинган кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳар томонлама ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш, парвариш қилиш бўйича манзилли чора-тадбирлар амалга оширилади. Тиббий реабилитация тизимини тубдан яхшилаш ҳамда “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида мунтазам равишда чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказиш ва соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади ҳамда тасдиқланади.
Анвар ҚОБИЛОВ суҳбатлашди.