Шунингдек, сайловлар фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини таъминловчи сиёсий ҳуқуқидир. Ҳар бир давлатнинг сайлов амалиёти унинг нечоғли демократияга асосланганлигини, фуқароларининг электорал маданияти даражасини намоён этади. Шу боис мамлакатимизда ҳам сайлов жараёнларини миллий қонунчилигимиз ва халқаро талабларга мос тарзда ўтказишга алоҳида эътибор қаратиб келинади.

 Маълумки, шу йил 27 октябрь куни Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари сайлови бўлиб ўтади. Мамлакатимиз ҳаётидаги мазкур сиёсий тадбир фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини амалга ошириш билан бирга, юртимиз бугуни ва эртанги равнақини таъминлашга хизмат қилади. Аҳоли ҳаёти ва турмушини янада фаровон қилишга, ҳудудлар ривожига замин бўлади. Шундай экан, ушбу муҳим жараёнда ҳар бир сайловчи ўз фуқаролик бурчини амалга ошириб, сайловга дахлдорлик ҳисси билан ёндашиши лозим. Бу эса ҳар бир сайловчининг ўз келажагига, оиласи, маҳалласи ва юрт эртасига бўлган эътиборини, дахлдорлик ҳиссини намоён этади. 

Шу ўринда мамлакатимиз сайлов тизимидаги янгилик ва ўзгаришлар ҳақида алоҳида қайд этиш лозим. Сайлов қонунчилигимизга киритилган ўзгартиришларга кўра, эндиликда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари аралаш сайлов тизими — мажоритар ва пропорционал сайлов тизими орқали сайланади. Шу кунгача мустақиллик тарихимизда бўлиб ўтган сайловларнинг барчаси мажоритар тизимга асосланган эди. Яъни, битта депутатлик ўрни учун барча сиёсий партия ўз номзодини кўрсатар ва сайловчилар ўзлари маъқул деб билган номзодга овоз берар эди. 

Энди қуйи палата депутатларининг 50 фоизи мажоритар тизимда, 50 фоизи пропорционал тизим асосида, яъни ягона сайлов округи бўйича сиёсий партияларга берилган овозларга мутаносиб равишда сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхати асосида сайланади. 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Экологик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан бир мандатли сайлов округлари (мажоритар) бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига жами 375 нафар номзод, ягона сайлов округи (пропорционал) бўйича жами 500 нафар номзодлар кўрсатилди.

Сайлов қонунчилигига кўра, аёлларнинг сони сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида қирқ фоизини ташкил этиши керак. Шу маънода эътибор қаратадиган бўлсак, Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодлар орасида аёллар сони 391 нафарни ёки 44,7 фоизни ташкил этди. Бу сайлов тарихимиздаги энг юқори кўрсаткич, дея баҳоланмоқда. Қайд этиш керакки, бу мамлакатимизда амалга оширилаётган гендер тенглик сиёсати, хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрнини юксалтириш борасидаги ислоҳотларга мос ва ҳамоҳангдир.

Номзодлар таркибига эътибор қаратадиган бўлсак, олдинги  сайловларга қараганда бу гал номзодлар ҳам анча ёшарган. Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг ўртача ёши 47,2 ёш. Улардан 44,2 фоизи 
45 ёшгача бўлганлар, 44,3 фоизи 45-60 ёшдагилардир. Номзодлар орасида энг ёши 25 ёш. Бу юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор ва уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсат натижаси, дейиш мумкин. 

Бир сўз билан айтганда, бу йил бўлиб ўтадиган сайловлар янгича муҳитда, янгича тартибда, кўтаринки кайфиятда ва албатта, халқаро стандартларга мувофиқ тарзда бўлади. Мамлакатимизнинг эртаси, фарзандларимизнинг келажаги учун ҳар биримиз масъул эканмиз, олдимизда турган ушбу муҳим сиёсий жараёнда фоли бўлишимиз, ўзимиз, болаларимиз, юртимиз тақдири учун ўз танловимизни амалга оширишимиз лозим.

Дилсўз Зойирова, 

Тошкент давлат юридик университети

Хорижий тиллар кафедраси катта ўқитувчиси