Демократик мамлакатларда сиёсий партиялар сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчиси сифатида давлат органларининг шаклланиши ва сиёсий қарорларнинг қабул қилинишида тобора муҳим омилга айланиб бормоқда. Давлат ҳокимиятини эркин ва ошкора, муқобиллик асосида ўтказиладиган сайловлар орқали шакллантириш демократиянинг олий кўриниши ҳисобланади. Сайловлар орқали инсон ва фуқаронинг энг муҳим конституциявий сиёсий ҳуқуқларидан бири рўёбга чиқарилади.
Давлат ҳокимиятининг халқ томонидан бевосита (умумхалқ сайлови орқали) шакллантирилиши; халқнинг давлат ҳокимияти бошқарувида бевосита (сайлов, референдум орқали) ёки билвосита (президент, парламент, маҳаллий кенгашлар орқали) иштирок этиши; давлат ҳокимиятининг халқ томонидан назорат қилиниши жараёнлари давлат ҳокимиятининг энг муҳим хусусиятлари ҳисобланади. Ушбу хусусиятлардан келиб чиқиб, «давлат ҳокимияти» тушунчасига «халқ томонидан шакллантириладиган, бошқариладиган ва назорат қилинадиган ҳокимият» деб таъриф бериш мумкин. Давлат ҳокимиятининг халқ томонидан шакллантирилиши деганда давлат ҳокимияти вакиллик органларининг халқ томонидан бевосита сайланиши тушунилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар”.
Сиёсий партиялар мамлакат фуқароларининг энг фаол, дунёқараши, мақсади, фикрлари муштарак бўлган муайян қисмини ўз сафида бирлаштирган ва умумхалқ манфаатлари йўлида сиёсий ҳокимият учун курашадиган сиёсий ташкилот бўлгани боис фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан ажралиб туради.
Сайлов овоз бериш орқали давлат ҳокимияти ҳамда ўзини ўзи бошқариш органларини ташкил этиш воситасидир.
Миллат ва элатлар, уларнинг тили ва маданияти сингари, сайлов ҳам тарихий тараққиётнинг объектив қонуниятлари асосида вужудга келган. Милоддан аввалги VI–IV асрларда Афина, Рим ва Юнонистонда, Марказий Осиёда эса Довон давлатида сайловлар бўлиб турган. Албатта, бу даврдаги сайлов содда шаклда бўлиб, муайян гуруҳлар ўртасида ўтказилган. Айтайлик, жамиятнинг обрўли кишилари, худди қабила ўз оқсоқолини сайлаганидек, ўзига раҳбарларни танлаш ҳуқуқига эга бўлган. Антик давр давлатлари (қадимги Афина ва қадимги Рим)да шаклланган фуқаролик жамиятида сайлов қадимги юнонлар ва римликлар кундалик ҳаётининг ажралмас қисми бўлган. Сайлов ёрдамида фуқаролар қонунларни қабул қилган ёки рад этган, ўз аъзоларини масъул давлат лавозимларига тайинлаган, полис ёки республиканинг манфаатларига дахлдор қатор муҳим масалаларни ҳал қилган.
Масалан, Қадимги Юнонистонда овоз беришнинг очиқ ҳамда яширин шакллари қўлланилган. Овоз бериш жараёнида хайрихоҳликни билдириш учун — оқ, қаршиликни англатиш учун қора ловиялардан фойдаланилган.
Қадимги Римда сайловолди жараёнлари сайлов кунидан анча аввал бошланган. Номзод ҳокимият идорасига сайланиш истагини билдиргач, сайлов кампанияси бошланган. Бу қуйидаги кўринишда бўлган: номзод пок виждон рамзи бўлган оппоқ кийим кийган, сўнгра майдон ва бозорларга бориб, сайловчилардан қўллаб-қувватлашларини сўраган.
Сайлов куни ҳар бир сайловчига кичик тахтача берилган. Сайловчи унга номзоднинг исмини ёзиб, қутига ташлаган. Аммо бу даврларда ҳали ҳозиргига ўхшаш сайлов тизими шаклланмаган. Мажлисда овоз бериш орқали билдирилган халқ иродаси қонун кучига эга бўлган.
Сайловнинг мазкур содда шакллари асрлар ўтиб бугунги демократик сайлов тизимининг негизини ташкил этган. Бугунга келиб сайлов тизимининг янги демократик принциплари, ҳуқуқий асослари шаклланди.
Сиёсий партиялар демократик жамият ҳаётида ғоят муҳим роль ўйнайди. Яхши ташкил этилган сиёсий партиялар сайловда иштирок этиб, ғалаба қозонади, жамоат манфаатларини ифодалайди, сиёсий муқобилларни илгари суради ва сиёсий раҳбарларни тайёрлайди. Сиёсий партиялар ўртасидаги рақобат ҳукумат ҳисобдорлигини мустаҳкамлашга кўмаклашади ва жамиятдаги долзарб муаммоларнинг амалий ва масъулиятли ечимларини топишга ёрдам беради.
Сиёсий партиялар янада фаоллашуви учун, авваламбор, улар халқ ишончини қозонишлари, ўзлари ҳақида ижобий ижтимоий фикр шакллантиришлари зарур. Партия электоратсиз, электорат ортида турувчи халқнинг кўмагисиз, фақат ўз аъзоларига суянган ҳолда ҳеч нима қила олмайди.
Сиёсий партиялар ўз фаолиятининг устувор йўналишлари сифатида электорати манфаатларини ҳимоя қилишни қўядилар.
Сиёсий партияларнинг электорат билан ишлаши жараёнида оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс ҳисобланади. Ахборот асрида радио, телевидение, даврий матбуот ва албатта, интернетдан тўғри ва оқилона фойдаланиш сиёсий партияларнинг сайловдаги ғалабасини таъминлашга кўмаклашади.
Сиёсий партиялар фаолиятида тарғибот-ташвиқот ишлари алоҳида аҳамиятга эга, чунки тўғри ва самарали ташкил этилган тарғибот фаолияти партиянинг ғалабасини таъминлайди. Тарғибот-ташвиқот фаолиятини асосан 2 даврга бўлиш мумкин: сайловлар орасидаги ва сайловолди давр. Одатда сиёсий партияларнинг фаоллиги айниқса сайловолди жараёнида фаоллашади. Аммо бундай фикрлаш катта хатодир. Чунки сайловчиларнинг сиёсий партияларга бўлган ишончи ва эътибори йиллар давомида шаклланади ва тобланади. Шу сабабли сиёсий партиялар фаолиятида маълум бир даврда эмас, балки доимий равишда фаол бўлиш, электорат ҳурмат ва эътиборини қозониш муҳимдир.
Ахборотлашган асрда замонавий технологиялар сиёсий партия тарғиботи-ташвиқоти жараёнда энг асосий қуролига айланмоғи лозим. Чунки бугунги кунда 34 млндан ортиқ республикамиз аҳолисининг 22,6 млн интернетдан фойдаланади.
Сиёсий партиялар бирон-бир муҳим қарор қабул қилишда ўз аъзолари ёки тарафдорларини қўллаб-қувватлашга, улар билан муаммоларни муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратмоғи лозим. Бундай ҳаракатларни амалга оширишда, шунингдек, партия ҳақида партия тарафдорлари ёки аъзоларини қизиқтирувчи барча саволларга жавоб олишда, тўлиқроқ маълумотларга эга бўлишда, уларга бўлган ишончнинг ортишида сиёсий партияларга интернет сайтлари кўмакчидир. Шунингдек, сиёсий партиялар ўз фикр-мулоҳазаларини электрон петициялар (жамоавий мурожаатномалар) усули орқали ҳам амалга оширишлари мумкин.
Ижтимоий тармоқлар, электрон почталардан кенг ва фаол фойдаланиш ҳам сиёсий партияларнинг сайловолди жараёнларидаги муваффақиятига катта таъсир кўрсатади. Жаҳоннинг кўплаб давлатлари интернетнинг энг афзал жиҳатларидан аллақачон унумли фойдаланишни бошлаганлар. Жумладан, электрон почта ва ижтимоий тармоқлар орқали мулоқот энг самарали усуллардан ҳисобланади.
Ушбу усуллар партияларга амалга ошираётган ишлари тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш, ўз сафига кўпроқ тарафдор ва аъзоларни жалб қилиш, электоратининг маълум бир масалалар юзасидаан фикр-мулоҳазаларини билиш имкониятини беради.
Электрон почталар орқали мулоқот учун сиёсий партиялар веб-сайтларига ташриф буюрувчиларни алоқа маълумотлари ва электрон почта манзиллари билан рўйхатдан ўтишни таклиф қиладилар ва айнан шу почта орқали уларга партия фаолиятига оид маълумотларни юбориб турадилар.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йил 1 апрель ҳолатига кўра, мобиль алоқа тизимига уланган абонентлар сони 26 млн. 953,5 мингтани ташкил этади. Бу эса сиёсий партияларнинг қанча аҳолини ўз аудиториясига қамраб олишлари мумкинлиги ҳақида маълумот беради.
Фикримизча, ҳар бир сиёсий партия ижтимоий тармоқлар орқали партия аъзолари билан онлайн боғланиши, партия янгиликлари билан уларни доимо хабардор қилиб бориши, ва албатта, онлайн сўровномалар орқали партия ҳаётига доир муҳим масалаларни ҳал қилишда уларнинг фикрларини ўрганишлари мақсадга мувофиқ бўлар эди. Мамлакатимиз ёшларининг интернет, айниқса мобил интернетдан фаол фойдаланишларини инобатга олган ҳолда, ёшлар учун махсус мобил иловалар ишлаб чиқиш натижасида сиёсий партия ҳақида аҳолининг кўпроқ маълумот олишларига эришилган бўлар эди.
Шундай қилиб, замонавий алоқа воситалари ахборот оқимларини яхшилашга ва умуман ахборот майдонини ўзгартиришга катта таъсир кўрсатади. Бу йилги Президент сайловларида ҳар бир сиёсий партия электорат билан ишлашнинг янги усул ва воситаларини доимий равишда ўзлаштириб, такомиллаштириб боришлари жуда муҳим ҳисобланади. Зеро, сайлов сиёсий партиялар фаолиятига ҳаққоний баҳони берадиган муҳим сиёсий тадбирдир.
Нодира Расулова,
Абдуғаффор Толипов,
Ўзбекистон Жамоат хавфсизлиги
университети доцентлари