Фото муаллифи: Музаффар Абдуллаев

Мазкур медиа-холлни ташкил қилишдан асосий мақсад ҳам сайлов жараёнлари ҳақида халқимиз ва дунё ҳамжамиятини мунтазам равишда, тезкор ва холисона хабардор қилиб боришдан иборат.

Медиа-холда маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситалари учун турли брифинглар, матбуот анжуманлари ўтказиш, сиёсий партиялар, давлат ва жамоат ташкилотлари, халқаро кузатувчилар билан учрашувлар ташкил қилиш, интервьюлар олиш, турли кўрсатувлар, медиамаҳсулотлар суратга олиш учун барча шароитлар яратилди.

Бу ерда мамлакатимиздаги сиёсий партияларнинг дастурлари тақдимоти, тегишли вазирлик ва идоралар, экспертлар иштирокида юртимизда сўнгги йилларда иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий соҳаларда амалга оширилган ишлар бўйича мулоқотлар, долзарб мавзудаги баҳс-мунозаралар, ёш журналистлар ва блогерлар иштирокидаги турли брифинглар, маҳорат дарслари, қизиқарли танловлар, жами 40 дан ортиқ тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган.

Медиа-холл халқаро кузатувчилар, хорижий ва маҳаллий журналистлар ва меҳмонлар учун мулоқот майдони (кофе брейк билан), сиёсий партиялар учун брифинглар ва матбуот анжуманлари ўтказиш зали, маданий тадбирлар зали, журналистлар ишлаши, суҳбатлар уюштириши, интервьюлар олиши учун матбуот маркази, ҳамда меҳмонлар учун дам олиш жойидан иборат.

“Халқаро медиа-хол” тадбирларида 5000 нафардан ортиқ иқтидорли, фаол ёшлар, ижодкор талабалар, ёш мутахассислар иштирок этиши кутилмоқда. Шунингдек, “халқаро медиа-холл” кун тартибидан концертлар, фильм тақдимотлари, қатор маданий дастурлар ҳам ўрин олган.

2021 йилнинг 14 октябрь куни соат 17.00 да “Ёшлар ижод саройи”да “Халқаро медиа-холл”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторлар, вазирлик ва идоралар, сиёсий партиялар, дипломатик корпус, халқаро кузатувчилар маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар, фаол ёшлар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Марказий Сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомходжаев, ЎзЭОАВМА бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов, “Юксалиш” Умуммиллий ҳаракати раҳбари Бобур Бекмуродов, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи марказий кенгаши раиси ўринбосари Шерзод Олимов ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда ўтадиган муҳим сиёсий жараён – Президент сайловини кенг ва холисона ёритишда, сайловнинг халқаро андозаларга ва демократик тамойилларга мувофиқ тарзда ўтказилишида, оммавий ахборот воситалари учун транспарентлик ва тенг ҳуқуқлиликни таъминлашда ушбу “Медиа-холл”нинг ташкил этилиши катта ёрдам беришини алоҳида таъкидлади.

Медиа холлнинг мақсад ва вазифалари, унда яратилган шароитлар ва яартилган имкониятлар тақдимоти ўтказилди.

Шундан сўнг мамлакатимиздаги сиёсий партиялар вакиллари сўзга чиқиб, ташвиқот жараёнлари ва медиа холлда яратилган шароитлар хусусида сщз юритишди.

Тақдимот маросимида таниқли санъаткорлар куй-қўшиқлар билан иштирокчиларни мамнун этишди. Тадбирда Ўзбекистон Кинематография агентлиги буюртмасига кўра суратга олинган “Бир кунлик тўй” бадиий фильми намойиш этилди.

“Халқаро медиа-хол” 2021 йилнинг 26 октярига қадар ўз фаолиятини давом эттиради.

Баҳор Хидирова,

"Янги Ўзбекистон" мухбири