Мамлакатимизда сўнгги йилларда сайловлар умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари, сайлов ҳуқуқи принциплари асосида демократик, очиқ ва шаффоф, ошкора ўтаётганини алоҳида эътироф этиш лозим.

Маълумки, сайловлар ҳар томонлама демократик руҳда ўтишида сайлов комиссиялари, улар аъзоларининг ўрни ва роли ниҳоятда муҳимдир. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловларни самарали ташкил этиш ва ўтказишда тегишли тизимлашган сайлов комиссиялари фаолият юритиши назарда тутилган. Хусусан, мазкур сайловларни ташкил этиш ва ўтказишда Марказий сайлов комиссияси, округ сайлов комиссияси, участка сайлов комиссияси фаолият олиб боради.

Конституциямиз, Сайлов кодекси, Марказий сайлов комиссиясининг Президент сайловини ўтказувчи округ ва участка сайлов комиссиялари фаолияти тартиби тўғрисидаги қарорлари билан тасдиқланган низомлар сайлов комиссиялари фаолиятини тартибга солувчи норматив базани ташкил этади.

Марказий сайлов комиссияси мақоми қандай ва унинг аъзоси бўлиш учун қонунчилигимизда қандай талаблар белгилаб қўйилган?

Конституциямизнинг 129-моддасига мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси сайлов комиссиялари тизимига бошчилик қилади. Марказий сайлов комиссияси алоҳида конституциявий орган бўлиб, у доимий тарзда фаолият олиб боради.

Таққослаш учун айтиш керакки, қатор давлатларда сайловларни ташкиллаштирувчи ва ўтказувчи мустақил, марказлашган органлар тизими мавжуд эмас ва сайловни ташкил этиш вазифаси ижро этувчи ҳокимият органлари зиммасига юклатилган.

Масалан, Германия, Австрия, Франция давлатларида Ички ишлар вазирлиги, Финляндияда Адлия вазирлиги сайловлар жараёнига бошчилик қилади. Эътиборли жиҳати, бу органлар фақатгина сайловлар ўтказиш давридагина мазкур жараёнга ўз эътиборини қаратади.

Ўзбекистонда эса Марказий сайлов комиссияси Президент сайловини, давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг референдумини ташкил этиш ва ўтказиш учун бевосита ташкил этилган. Унинг ваколатларида Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида Сайлов кодексининг ижроси устидан назоратни амалга ошириш, кодекснинг бир хил тарзда қўлланилишини таъминлаш белгиланган.

Марказий сайлов комиссияси аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тавсияси бўйича Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан сайланади.

Хусусан, Сайлов кодексида Марказий сайлов комиссияси аъзоси бўлиши учун бир қанча талаблар белгилаб қўйилган бўлиб, улар жумласига, йигирма беш ёшга тўлган, қоида тариқасида, олий маълумотга эга бўлиши, сайлов қонунчилигида белгиланган талаб бўйича аъзоларнинг сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш борасида иш тажрибаси борлиги, жамоатчилик ўртасида обрў-эътибор қозонгани, камида охирги беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган бўлиши лозим.

Шуни назарда тутиш керакки, сайлов жараёнларида етарли тажрибага, обрў-эътиборга эга бўлиш ҳам муҳим талаблардан бири ҳисобланади. Европа Кенгаши ҳузуридаги Венеция комиссияси тавсиясида ҳам, Марказий сайлов комиссияси таркиби юрист-экспертлар, сиёсатчилар, математиклар ва бошқа сайлов соҳасида етарли билимга эга бўлган шасхлардан шаклланган бўлиши лозимлигига урғу бериб ўтилган.

Қонунчилиликда сайлов комиссиялари таркибини шакллантиришда гендер тенглик тамойилларига амал қилиниши ҳам белгиланган. Шу боис, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси таркиби 21 кишидан иборат бўлиб, мазкур таркибнинг 7 аъзоси аёллардир.

Ушбу норманинг қонунчиликда акс этиши мамлакатимизда гендер тенглик масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганидан, қолаверса, халқаро стандартларга мувофиқлаштирилганидан далолат беради. Масалан, БМТ хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга жуда катта эътибор қаратиб келмоқда. Жумладан, аёлларнинг сиёсий ҳуқуқлари акс этган конвенция 1-моддасида, “аёлларнинг ҳеч бир камситишларсиз эркаклар билан тенг шароитларда барча сайловларда овоз бериш ҳуқуқига эга”лиги белгиланган.

Округ ва участка сайлов комиссияси таркибини шакллантириш ва уларнинг ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ташкил қилиш ва ўтказишда округ ва участка сайлов комиссияларининг ўрни ва роли ниҳоятда юқори ҳисобланади.

Сайлов кодексининг 21–24-моддалари округ ва участка сайлов комиссияларининг ҳуқуқий мақомини белгилаб беради. Унга мувофиқ, йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга эга бўлган, қоида тариқасида, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар округ ва участка сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, жорий йилда Сайлов кодексининг бир нечта моддаларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, 25-моддага кимлар округ ва участка сайлов комиссияси аъзоси бўлиши мумкин эмаслигининг аниқ кенгайтирилган таркиби белгилаб қўйилди. Булар: Қонунчилик палатаси депутати, маҳаллий Кенгаш депутати, Сенат аъзоси, бошқа сайлов комиссияси аъзолари, сиёсий партиялар аъзолари ва ваколатли вакиллари, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, прокуратура органлари, судлар мансабдор шахслари, номзодлар, номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари, номзодларга бевосита бўйсунувчи шахслар, оғир ёки ўта оғир жиноятлар содир этгани учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқлаш учун тавсия этилади. Бунда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловни ўтказувчи округ сайлов комиссияси таркиби – комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва комиссиянинг саккиз–ўн саккиз нафар бошқа аъзоларидан иборат таркибда тузилади.

Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 10 майдаги қарори билан тасдиқланган муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича Календарь режага мувофиқ, округ сайлов комиссияларини тузиш ҳамда таркибини матбуотда эълон қилиш сайловга камида 50 кун қолганда, яъни 20 майгача белгилаб қўйилди. Шундан келиб чиқиб, Марказий сайлов комиссиясининг жорий йил 19 май санасидаги навбатдаги мажлисида мамлакат ҳудудида ташкил этилган 14 округ сайлов комиссияси таркиби тасдиқланди.

Сайлов кодекси ва Марказий сайлов комиссияси қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, округ сайлов комиссияси тегишли ҳудудда Сайлов кодексининг ижроси устидан назоратни амалга ошириш, сайлов участкаларини тузиш, участка сайлов комиссияларини тузиш ва участка сайлов комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, номзодларга сайлов кампаниясида иштирок этиш учун тенг шароитларни таъминлаш, сайлов округи бўйича сайлов натижаларини аниқлаш ва уларни тегишинча Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиш каби муҳим ваколатларни бевосита амалга оширади.

Сайлов жараёнларининг жойларда ўтказилиши учун биринчи галдаги масъулият участка сайлов комиссияларига юклатилган. Шу боис, сайловлар жараёнида аҳоли билан бевосита ишловчи ва овоз беришни ташкил этувчи орган сифатида участка сайлов комиссияси фаолиятига алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Участка сайлов комиссияси округ сайлов комиссияси томонидан сайловга камида қирқ кун қолганида беш-ўн тўққиз нафар аъзодан, шу жумладан, раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилиши белгилаб қўйилган.

Бунда участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиб, бу номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда тегишли округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, Сайлов кодексига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмас, бундан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, шифохоналарда ҳамда бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида ташкил этилган участка сайлов комиссиялари мустасно. Бу албатта, сайлов жараёнларининг очиқ ва шаффоф тарзда ўтишига янада кенг имконият яратади.

Сайлов жараёнида участка сайлов комиссияси участка бўйича сайловчиларнинг рўйхатини тузиш, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш ва овоз беришда иштирок этиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилардан тўлдирилган сайлов бюллетенларини ёпиқ конвертларда қабул қилиб олиш, бинонинг яширин овоз бериш кабиналари ёки хоналари ва сайлов қутилари, шунингдек, бошқа жиҳозлар билан тайёрлаб қўйилишини таъминлаш, сайлов куни участкада овоз беришни ташкил этиш, овозларни санаб чиқиш ва қонунчиликда белгинланган бошқа ваколатларга эга.

Сайловларда кузатувчи ва ОАВларнинг ҳуқуқий мақоми

Сайловларда кузатувчилар ва ОАВларнинг иштироки ва ўрни муҳим аҳамият касб этади. Сайлов кодексининг 6-бобида кузатувчиларнинг, сиёсий партиялар ваколатли вакилларининг, оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилган. Қолаверса, Марказий сайлов комиссиясининг қарори асосида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси сайловларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисида”ги, “Сиёсий партиянинг ваколатли вакили тўғрисида”ги, “Сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги, “Сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар тўғрисида”ги низомларда кузатувчиларнинг, сиёсий партиялар ваколатли вакилларининг, оммавий ахборот воситаларининг сайлов жараёнидаги иштироки масаласи тартибга солинган.

Таъкидлаш лозимки, сайлов кампанияси бошлангани эълон қилинганидан сўнг Марказий сайлов комиссияси хорижий давлатлар сайлов органлари ва халқаро ташкилотларга Ташқи ишлар вазирлиги орқали таклифнома юборади. Шунингдек, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар ҳам сайловларда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш истагини изҳор этиб, Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат этиши мумкин. Эътиборлиси, манфаатдор ташкилотлар ўз кузатувчилари тўғрисида сайлов комиссияларига сайловдан камида ўн кун олдин ариза билан мурожаат қилиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашадиган кузатувчилар икки хил тоифага бўлинади. Булар – халқаро кузатувчилар ва маҳаллий кузатувчилар.

Кузатувчилар институти сайловларнинг очиқ, шаффоф, адолатли тарзда ўтишини кафолатловчи механизм ҳисобланади. Марказий сайлов комиссияси аккредитация қилинган хорижий (халқаро) кузатувчига мандат беради. Бу мандат эса хорижий (халқаро) кузатувчи сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ўз фаолиятини амалга ошириши учун ҳуқуқий асос ҳисобланади. Таъкидлаш лозимки, маҳаллий кузатувчиларга, яъни сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кўрсатилган кузатувчиларга Президент сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияси томонидан мандатлар берилади.

Сайлов қонунчилигига кўра, кузатувчилар сайлов комиссиялари мажлисларида ҳозир бўлиш, номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларида иштирок этиш, овозлар санаб чиқилаётганда ва сайлов комиссиясининг баённомаси тузилаётганда ҳозир бўлиш, сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаларини сўраш ва олиш каби бир қанча ҳуқуқлардан фойдаланиши мумкин.

Белгиланган ҳуқуқлардан ташқари, кузатувчиларнинг тақиқланган хатти-ҳаракатлари ҳам белгиланган. Хусусан, кузатувчиларга сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиши, фуқароларга таъсир ўтказиш, бирон-бир ташвиқот материалини ёки адабиётини тарқатиш, сайловчилардан улар қандай овоз берганини суриштириш ёки сайловчиларга сайлов бюллетенига белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш, сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан, сайлов қутиларини муҳрлашга, уларни очишга, овозларни санаб чиқишга аралашиш тақиқланади.

Халқаро сайлов стандартларида кузатув фаолиятини амалга оширадиган ва тартибга соладиган бир қанча ҳужжатлар ҳам қабул қилинган. Хусусан, БМТнинг 2005 йил 27 октябрда қабул қилинган “Сайловларни халқаро кузатиш принциплари тўғрисида”ги декларация, ЕХҲТ нинг 1990 йилдаги инсонийлик мезонлари бўйича Копенгаген ҳужжати, МДҲ кузатувчилари миссияси тўғрисидаги низом, ШҲТ кузатувчилари миссияси тўғрисидаги низом каби бир қанча хужжатларда кузатувчилар мақоми ҳуқуқий тартибга солинган.

Сайлов кодексининг 35-моддасига кўра, оммавий ахборот воситалари вакиллари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларни ёритиш, сайлов куни овоз бериш биноларида ҳозир бўлиш, шу жумладан, овозларни санаб чиқиш чоғида ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга.

“Сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомда ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари атрофлича тартибга солинган. Таъкидлаш лозимки, ОАВ вакиллари Марказий сайлов комиссиясига аккредитациядан ўтказиш тўғрисида мурожаат қилади. Мурожаат беш кунлик муддат ичида кўриб чиқилиб, МСК қарори асосида хорижий ҳамда миллий ОАВ вакилига аккредитациядан ўтганлиги тўғрисида гувоҳномалар берилади.

Таъкидлаш лозимки, сайлов кампанияси жараёнида, ОАВ вакили қуйидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади: сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларни ёритиш, сайлов комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш, муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти ва жойи ҳақида хабардор бўлиш ҳамда ушбу жараённи кузатиш, сайлов куни овоз бериш хоналарида, шу жумладан, овозларни санаб чиқишда ҳозир бўлиш, сайлов жараёни ва овоз беришнинг яширинлигини бузмасдан фото, видео, аудио ёзувларни амалга ошириш каби ҳуқуқларини амалга ошириши мумкин.

Қолаверса, ОАВ вакиллари сайловчиларга таъсир ўтказиш, қонунга хилоф равишда бирон-бир ташвиқот материали ёки адабиётини тарқатиш, сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш, сайловчилардан улар кимни ёқлаб овоз берганлигини суриштириш каби ҳаракатларни амалга ошириши мумкин эмас.

Дарҳақиқат, бўлажак сайловларнинг юқори демократик савияда очиқ ва ошкора ўтказилиши республикамиз оммавий ахборот воситалари ва журналистлардан катта масъулият, профессионаллик, холислик, тезкорлик ва юксак фуқаролик позициясини талаб қилади.

Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловларда сайлов жараёнининг иштирокчилари ўзларига юклатилган вазифа ва ваколатларини, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини қонун доирасида, юксак масъулият ҳамда виждонан бажариши лозим бўлади. Бу эса, сайловларнинг демократик хусусиятларини, кўтаринкилик кайфиятни кенг жамаотчилик кўз ўнгида намоён бўлишида бевосита хизмат қилади.

Шерзод ЗУЛФИҚОРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Жамоат

хавфсизлиги университети профессори, эксперт.