Тадбирлар дастурининг 18- ҳамда 19-бандларида ногиронлиги бўлган фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш, сайловда тенг имкониятларни яратиш бўйича тегишли нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб бориш белгиланган. Бу борада бугун Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳамда  Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Кўзи ожизлар жамияти, Карлар жамияти ва Ногиронлар ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди.

Ойбек Исоқов, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раиси:

– Аввалги сайловларда сайлов участкалари ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилмаган эди. Пандуслар бор, бироқ уларга аравада ўтирган ногиронлиги бўлган шахс чиқолмас эди. Сайловолди жараёнида номзодлар билан учрашувлар асосан мактаб биноларида ташкил этилиб, аксарият мактабларда мажлислар зали ва спорт зали бинонинг 2-қаватида жойлашгани боис бу тадбирларда ҳам иштирок этишдан маҳрум бўлган. Чунки аравачада 2-қаватга чиқа олишмаган. Шунингдек, бюллитен брайл шрифтда кўзи ожиз сайловчиларга берилган, бироқ номзодлар ёзилмаган. Бу каби муаммолар бўлмаслиги учун Марказий сайлов комиссиясига бу гал барвақт тавсиялар тақдим этилди. Улар ногиронларнинг барча тоифасини қамраб олиб, шундан келиб чиққан ҳолда шарт-шароитлар яратиб беради. Шунингдек, сайловолди жараёни сурдо-таржима билан кўрсатилади деб умид қиламиз.

Зайниддин Низомхўжаев, Марказий сайлов комиссияси раиси:

– Мамлакатимизда барча фуқароларнинг, жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашнинг ҳуқуқий-ташкилий асослари ва самарали механизмлари тўла шакллантирилган.

Айни кунларда сайлов участкалари биносини ва овоз бериш хоналарини танлаш ва жиҳозлашда Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилигида белгиланган барча шарт-шароитларни, хусусан, участка сайлов комиссияларининг жойлашган ери, ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг овоз бериш жойига келиб-кетиши, бинога кириб-чиқиши, бино ичида ҳаракатланиши, эркин ва тўсиқларсиз овоз бериши учун ҳар томонлама қулай бўлишига алоҳида эътибор қаратилади.

Сайлов жараёнида сайлов участкаларига олиб борувчи кўрсаткичлар кўринарли жойга ўрнатилиши, участка сайлов комиссияси биносида сайлов куни малакали тиббиёт ходимларининг навбатчилиги ташкил этилади. Сайлов комиссиялари таркибига ижтимоий фаол ногиронлиги бўлган шахсларни киритиш ва уларнинг сайлов қонунчилигидан хабардорлигини оширишда ҳар томонлама кўмаклашилади. Сайловолди ташвиқотига оид телекўрсатувлар имо-ишора тили ва субтитр ёзувида бериб борилади.

Тадбирда, шунингдек, меморандум имзоланиб, бу келишув ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг сайлов ҳуқуқларини самарали таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.