Шу йил 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарликнинг ташкилий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий йўналишлари ҳақида сўз юритганда, биринчи навбатда, сайлов қонунчилиги ва унга киритилган муҳим ўзгаришларни айтиш лозим бўлади.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 21-моддасида ҳар бир инсон бевосита ёки эркин сайланган вакиллар орқали ўз мамлакатини бошқаришда қатнашиш, давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эгалиги белгиланган. Шунингдек, халқ иродаси ҳокимиятнинг асоси бўлиши, бу ирода даврий ва сохталаштирилмаган, ялпи ва тенг сайлов ҳуқуқидан, яширин овоз бериш йўли билан ёки овоз бериш эркинлигини таъминлайдиган бошқа тенг қийматли шакллар воситасида ўтказиладиган сайловларда ўз аксини топиши лозимлиги мустаҳкамланган.

Доимий равишда сайлов ўтказиш демократик жамиятнинг белгисидир. Демократия – бу халқ ҳокимиятчилиги. Ҳақиқатан, демократияни сайлов ҳуқуқининг умумэътироф этилган принципларга мувофиқ ўтказиладиган ва демократик тусга эга сайловларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Бугунги кунда коронавирус пандемиясига қарши курашиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу, айниқса, сайлов жараёнларини ташкил этишда ҳар томонлама пухта ўйланган стратегик қарорларни қабул қилишни тақозо этади.

Айтиш керакки, сайлов жараёнлари оммавий йиғинлар ёки турли объектларнинг қўлдан қўлга ўтиши билан боғлиқ. Шу сабабли ушбу тадбирларни ташкил этишда эҳтиёт чораларини кўриш зарур. Марказий сайлов комиссияси томонидан бу борада жаҳон тажрибаси ҳар томонлама ўрганиб чиқилди ва сайловчилар ҳамда сайлов ташкилотчиларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Президент сайловини ўтказишда коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишининг олдини олиш бўйича йўриқнома ишлаб чиқилди.

Йўриқномага мувофиқ, сайлов округлари ва участкаларида, овоз бериш хоналарида ҳароратни ўлчаш учун термометр, пирометр, ҳимоя ниқоби билан таъминланган, сайлов комиссияси аъзолари бир марталик тиббий қўлқоп, антисептик суюқлик каби ҳимоя ва профилактика воситаларидан фойдаланиши белгиланган. CОVID-19 тарқалиши хавфини камайтириш чоралари ижтимоий масофани сақлаш билан таъминланади. Шунингдек, сайлов жараёни иштирокчилари ҳимоя ниқобларидан фойдаланиши, қўл бериб саломлашиш ёки тўғридан-тўғри мулоқотга киришишнинг бошқа шаклларидан сақланиши зарур.

Овоз бериш биносининг кириш қисмида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича тавсиялар акс этган плакатларни жойлаштириш, телевидение, радио, газеталар, ахборот-коммуникация технологиялари воситасида аҳолига тушунтириш ишлари олиб борилади.

Коронавирус инфекциясидан стационар даволаш муассасаларида даволанаётганлар ва ушбу масканларнинг ишчи-ходими бўлган сайловчиларнинг овоз беришини ташкил этиш учун бу ерда ҳам сайлов участкалари тузилиши мумкин. Яширин овоз беришни ташкил қилиш учун ушбу тоифадаги биноларда кўчма овоз бериш кабиналаридан фойдаланилади.

Бундай муассасаларда ташкил этилган сайлов участкаларида овоз бериш уларнинг ички тартиб-қоидаларига ҳамда тасдиқланган санитария қоида ва меъёрлари талабларига қатъий амал қилган ҳолда ўтказилади.

Бугунги кунда сайлов участкаларида сайловчилар ўртасида ижтимоий масофа сақлаш учун махсус чизиқлар чизилган, тиббиёт холдимлари бириктирилган, улар пирометрлар, ҳимоя ва дезинфекция воситалари билан таъминланган. Бинолар олдиндан дезинфекция қилинади, сайловчи учун овоз бериш биноси санитария талабларига тўла жавоб беради. Бу эса ушбу ҳудуд ҳар томонлама хавфсиз ва овоз бериш учун қулайлигини билдиради.

Таъкидлаш зарурки, бўлажак сайловда сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши ҳамда ўзининг муносиб номзоди учун овоз беришига барча шароитлар яратилган. Асосий эътибор сайловчининг саломатлиги муҳофазаси ва сайловнинг демократик тамойилларига оғишмай риоя қилишга қаратилган.

Зеро, ушбу сайлов орқали халқимиз мустақил Ўзбекистоннинг келгуси тараққиёти кафолатини белгиловчи муҳим қарорни қабул қилади.

Баҳодиржон ЮНУСОВ,

Марказий сайлов комиссияси аъзоси