Марказий сайлов комиссияси матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш, уни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича амалга оширилган асосий чора-тадбирларга бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Унда Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари, халқаро кузатувчилар, журналистлар, сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари иштирок этди.

Брифингда Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низомхўжаев сўзга чиқиб, мамлакатимизда Президент сайловига тайёргарлик бўйича амалга оширилган ишлар хусусида маълумот берди. Таъкидланганидек, Эртага, яъни 24 октябрь якшанба куни - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни. Мамлакатимизда сайловдан сайловгача ўтган вақт мобайнида миллий сайлов қонунчилигимиз демократик андозаларга ҳамоҳанг тарзда такомиллаштирилиб келинмоқда.Жумладан, халқаро кузатувчилар миссиялари, сайлов қонунчилиги бўйича миллий ва хорижий экспертлар, мутахассислар фикрлари инобатга олинган ҳолда жорий йилда Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш бўйича иккита қонун қабул қилинди.Қонунчиликдаги энг асосий ўзгариш мамлакатимизда ўтказиладиган сайловлар муддатининг декабрь ойидан октябрь ойига ўзгартирилиши бўлди.

Шунингдек, сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратилган давлат маблағлари юзасидан сайлов кунига қадар оралиқ ҳисоботини ва сайлов натижалари эълон қилинганидан кейин якуний ҳисоботини тақдим этиши белгиланди. Сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш, жумладан, давлат хизматчиларига, агар улар ишончли вакил бўлмаса, сайловолди ташвиқотини олиб бориш тақиқланди.Қуйи турувчи сайлов органларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятларнинг юқори турувчи сайлов органлари томонидан кўриб чиқилиши бекор қилиниб, фақат судлар томонидан кўриб чиқилиши мумкинлиги белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловга тайёргарлик кўриш ва юқори савияда ўтказиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14 та сайлов округлари,10 минг 761 та сайлов участкалари тузилди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига асосан, Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикасининг 37 та хорижий давлатлардаги дипломатик ва консуллик муассасалари ҳузурида 54 та сайлов участкалари тузилди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14-Тошкент шаҳар сайлов округига бириктирилди. Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш ҳақидаги концепцияга мувофиқ, сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ва амалиёти бўйича назарий билим ва амалий кўникмаларини янада юксалтириш мақсадида каскад усулида 7 босқичли ўқув-семинарлари ташкил этилди. Сайлов комиссияларида замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати билан ишлашда хато-камчиликларга йўл қўймаслик ҳамда «Бир сайловчи – бир овоз» тамойилини таъминлаш мақсадида сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими операторларини тайёрлаш бўйича 3-босқичли ўқувлар ташкил этилди.

Брифингда, шунингдек, аҳолининг сайлов жараёнидан хабардорлигини ошириш мақсадида олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари, сайловнинг очиқ, ошкора ўтишини таъминлаш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар, сайлов жараёнида гендер тенгликни таъминлаш масалалари ва бошқа чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.

Б.Хидирова,

«Янги Ўзбекистон» мухбири