Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси ва Зангиота туман Давлат хизматлари маркази ходимлари  4 мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган Назарбек маҳалласига борди.  Сайёр хизматлар учун мўлжалланган автобуснинг келиши шу ҳудудда яшовчи инсонларга енгиллик яратиб, вақтини тежаш имкониятини берди. Тадбир давомида назарбекликлар фарзандларини давлат мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш учун ариза бериш,  коммунал хизмат кўрсатиш тармоқларига уланиш, кадастр паспортини шакллантириш, солиқдан қарзи бор ёки йўқлиги ҳақида маълумот олиш каби 20 га яқин давлат хизматларидан фойдаланди.

Сайёр хизмат давомида аҳоли ўртасида хизматларни давлат хизматлари марказларига келмасдан, Ягона интерактив портал орқали электрон тарзда олиш тарғиб қилинди. Мазкур портал орқали мурожаат қилган шахсларга марказга шахсан бориб тўланадиган тўловга нисбатан камроқ тўлаш имконияти, яъни имтиёз бериш орқали қулайликлар яратилганлиги бошқарма мутахасcиси томонидан тушунтирилди. Бундай қулайликлардан самарали фойдаланиш эса фуқароларимизнинг вақти ҳам, маблағи ҳам тежалишига хизмат қилади. Қолаверса, давлат хизматлари марказларидаги навбат кутишларнинг олди олинади, дея хабар беради ДХА Тошкент вилояти бошқармаси матбуот хизмати.