Яқинда АҚШнинг Индиана университети профессори Акрам Ҳабибуллаевнинг «Аждодлар мероси: АҚШдаги қўлёзмалар» китоби нашр этилди. Маълум бўлишича, АҚШ кутубхона ва музейларида юртимизда етишган алломаларимиз асарлари қўлёзмалари анчани ташкил қилади. Хусусан, Аҳмад Фарғоний, Имом Бухорий, Муҳаммад Исо Термизий каби жами ўттиз уч муаллиф асарларининг 556 та қўлёзмаси мавжуд.
Йирик кутубхоналар уларда мавжуд қўлёзмаларни тавсифга олиб, улар тўғрисидаги маълумот ва баъзиларини рақамлаштириб, интернетда очиқ фойдаланишга қўйишган. «Мусулмон олами қўлёзмалари» деб номланган лойиҳада 630 қўлёзма тавсифи каталокка олинган. Чоп этилган китобда, асосан, Принстон университетидан 278 та, Ел университетидан 140 та, Мичиган университетидан 51 та ва Вашингтондаги Конгресс кутубхонасидан 27 та қўлёзма тўғрисида маълумот келтирилган.
Китобда Имом Бухорийнинг «Жомеъ ас-Саҳиҳ», Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ал-Ҳидоя», Саъдуддин Тафтазонийнинг «Шарҳи Талхис ал-Мифтоҳ», Ибн Синонинг «Тиб қонунлари», Маҳмуд Замахшарийнинг «Ал-Кашшоф» каби машҳур асарлари қўлёзмалари ҳам мавжуд.
Энг қадимги қўлёзма Ибн Синонинг 1100-1150 йиллар орасида кўчирилган «ал-Қонун фит-тиб» асарининг «Аъзоларнинг мизожлари» номли бўлимидир. Тавсифга олинган қўлёзмалар ичида яратилган вақти кўрсатилганлари алоҳида илмий қийматга эга. Улар орасида Замахшарийнинг «Ал-Муфассал» асари қўлёзмаси бўлиб, у ҳижрий олти юз еттинчи йил жумод ул аввал ойининг охирги куни, милодий 1210 йил 19 ноябрда кўчириб тугатилган. Ўн учта қўлёзма ўн учинчи асрда, ўттиз тўртта қўлёзма ўн тўртинчи асрда, эллик учтаси ўн бешинчи асрда, ўттиз учтаси ўн олтинчи асрга оид бўлиб, қолганлари кейинги асрларда яратилган.
Айрим қўлёзмалар яратилган жойи ҳам кўрсатилган, улар орасида Бурхониддин Марғинонийнинг Бухоро шаҳрида ҳижрий олти юз эллик ражаб ойининг ўрталарида, милодий 1258 йил июлида кўчирилган «Ал-Ҳидоя» асари бор. Иккинчи қўлёзма Замахшарийнинг «Ал-Кашшоф» асаридир. Самарқандда кўчирилган бир қўлёзма Мирзо Улуғбек мадрасасида ҳижрий саккиз юз ўттиз саккизинчи, милодий 1434-1435 йилларда яратилган.
Принстон университетида буюк тарихчи Шарафуддин Али Яздийнинг «Зафарнома» асарининг 1467-1468 йили, муаллиф вафотидан 33 йил кейин Шерали исмли хаттот томонидан кўчирилган нусхаси ва Камолиддин Беҳзод томонидан чизилган ўн иккита миниатюра бор. Китоб хотимасида ушбу ноёб қўлёзма Мир Жамолуддин Ҳусайн деган шахс томонидан Бобурнинг набираси Жалолиддин Муҳаммад Акбарга тақдим қилингани ҳақидаги ёзув мавжуд. Бу ноёб қўлёзма матни ҳали олимларимиз томонидан етарлича ўрганилгани йўқ, гарчи миниатюралари кўп бора нашр қилинган бўлсада.
Маълумотларга кўра, АҚШнинг Балтимор шаҳридаги Валтер музейида машҳур «Бобурнома» асарининг Бобурнинг чевараси Абдураҳим хони хонон томонидан форс тилига қилинган таржимасига тааллуқли 35 варақли қўлёзма мавжуд. Варақлар кейинчалик алоҳида муқовага олинган. Уларнинг йигирма етти варағидаги ўттиз саҳифада қирқ битта расм мавжуд. Булар Британия музейида сақланаётган, Акбар учун яратилган расмли қўлёзмага ўхшайди. Фарқи шуки, Британия музейидаги қўлёзмада расмлар тагига уларни яратган рассомлар номлари битилган.
Олимнинг аниқлашича, АҚШнинг энг нуфузли кутубхоналарида алломаларимиз томонидан яратилган беш юз эллик олтита қўлёзма манба мавжуд. Бу бой ва бебаҳо маънавий мерос аждодларимизнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган муносиб ҳиссаси сифатида баҳоланади.
Индиана университети профессори Акрам Ҳабибуллаевнинг изланишларидан хулоса қилиш мумкинки, юртимиз ҳудудида яшаб ижод этган буюк алломаларимиз мероси бутун жаҳон музей, кутубхона ва шахсий мажмуалар, жумладан, Американинг нуфузли кутубхоналарида мавжуд бўлиб, уларни излаб топиш, аниқлаш ва халқимиз маънавий мулкига айлантириш олимлар ва тадқиқотчилар олдида турган муҳим вазифалар сирасидан.
Абдумажид МАДРАИМОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,
тарих фанлари доктори, профессор