Сенаторлар ушбу Конвенциянинг ратификация қилиниши Ўзбекистонда ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш учун қўшимча кафолатлар яратиш имконини беришини, қонунчиликни янада такомиллаштириш учун дастур бўлиб хизмат қилишини, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва улар учун тенг имкониятларни таъминлаш нуқтаи назаридан давлат органларининг жавобгарлигини кучайтиришини таъкидладилар.

Конвенция қабул қилиниши:

биринчидан, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш миллий тизимини илғор халқаро стандартларга мувофиқлаштириш;

иккинчидан, ногиронларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш учун халқаро ва хорижий грант маблағларини жалб қилиш имкониятларини яратиш;

учинчидан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида Ўзбекистоннинг халқаро имижини яхшилаш имконини беради.

Конвенция ногиронларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, уларга нисбатан камситишга барҳам бериш, уларнинг меҳнат қилиш, ўз соғлиғини асраш, таълим олиш ва жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиш ҳуқуқини таъминлаш, одил судловга эришиш, шахсий дахлсизлиги, эксплуатация қилинишдан ва суиистеъмолликдан ҳимояланишини, эркин ҳаракатланишини, шахсий мобиллигини таъминлашга қаратилган 50 та моддадан иборат.

Сенаторлар Конвенцияни ратификация қилиш тўғрисида қабул қилинган Қонун жамиятда ногиронликка ижтимоий-ҳуқуқий ёндашувни мустаҳкамлашга хизмат қилиши кераклигини таъкидладилар.

Бўлиб ўтган муҳокамалар давомида сенаторлар Ўзбекистон ушбу Конвенцияни ратификация қилиб, ногиронлар учун тегишли инфратузилмани такомиллаштириш (турар жой ва жамоат биноларини, транспортни, бир қатор хизматларни мослаштириш), шунингдек аҳоли ўртасида янглиш фикрлар ва стереотипларни йўқ қилишни назарда тутадиган ахлоқий-маънавий йўл-йўриқларни шакллантириш бўйича халқаро мажбуриятларни ўз зиммасига олишини таъкидладилар.

Шундай қилиб, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон раҳбариятининг фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, шунингдек, тенг иштирок этиш ва ресурслардан фойдаланиш, фуқароларнинг сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқларини камситишларсиз амалга ошириш тамойилларига риоя қилишга қатъий содиқлигини ва бу борада мунтазам саъй-ҳаракат олиб бораётганлигини кўрсатади, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.