Ушбу Конвенция 2006 йил 31 майда ХМТ Бош конференциясининг 95-сессиясида қабул қилинганлиги таъкидланди. Конвенциянинг асосий мақсади – ишлаб чиқаришда жароҳат олиш, касб касалликларига чалиниш ва инсон ўлимининг олдини олиш учун меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини доимий равишда такомиллаштириб боришдир.

Таъкидланганидек, ХМТ Конвенцияси устувор конвенциялардан бири ҳисобланади, Конвенцияга мувофиқ миллий қонунчиликда иш берувчилар ва ишчиларнинг энг нуфузли ташкилотлари билан келишган ҳолда миллий сиёсат, миллий тизим ва миллий дастурни ишлаб чиқиш орқали касб касаллигига чалиниш, ишлаб чиқаришда жароҳат олиш ва инсон ўлимининг олдини олиш мақсадида меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини доимий такомиллаштиришга кўмаклашиш назарда тутилмоқда.

Муҳокама доирасида сенаторлар Ўзбекистонда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси талабларига риоя этиш ҳолати, ушбу йўналишдаги асосий муаммоли жиҳатлар тўғрисида ўз фикрларини билдирдилар. Шунингдек, ХМТнинг 187-сонли Конвенциясини 49 та давлат, шу жумладан бир қатор МДҲ давлатлари томонидан ратификация қилинганлиги қайд этилди.

Бунда мажлис доирасида Конвенциянинг аксарият нормалари ва қоидалари миллий қонунчиликка татбиқ этилганлиги алоҳида таъкидланди.

Сенаторларнинг фикрича, ХМТнинг 187-сонли Конвенцияси ратификация қилиниши меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасидаги халқаро стандартларни самарали татбиқ этишга кўмаклашишини, ишчилар учун қўшимча кафолатлар яратишини, шунингдек, Ўзбекистоннинг меҳнаткашлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича асосий халқаро принциплар ва стандартларга содиқлигини кўрсатади, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.