Жорий йил 1 июнь куни сенатор Н.Абдуллаханов ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармаси биринчи ўринбосари И.Қўчқорова Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги “Иминжон-Мухаррамбону” фермер хўжалиги раҳбари Азизахон Раҳимованинг фаолияти билан танишди.

Азиза опа 2007 йилдан буён 82.2 гектар ер майдонига эга фермер хўжалигини бошқаради. Шундан 46.2 гектар пахта ва 36 гектарига ғалла экилган.

Эътирофлиси, фермер томонидан пилла етиштириш бўйича 2020 йилги  шартномавий режаси 12 қутидан 662 кг. ўрнига 676 кг. қилиб, режани 103 фоиз ортиғи билан биринчилардан бўлиб бажарди.

– Келгусида пахта ва ғалла режаларини ҳам ортиғи билан бажаришга астойдил бел боғлаганмиз, – дейди фермер Азизахон Раҳимова. – Аёллари қадрланадиган, эъзозланадиган юртда яшаб келаётганимдан фахрланаман. Ўзингиз айтинг, биз, тадбиркор ва фермер хўжаликлари учун давлатимиз томонидан шарт-шароитлар яратилаётган бир пайтда, унга муносиб жавоб қайтармасак уят эмасми?! Боз устига, юртимизнинг боҳаволиги ишимизнинг самарасига муҳим аҳамият касб этади. Шу ўринда, Учқўрғоннинг ҳавосини Ялтанинг ҳавосига алишмайман.

Шунингдек, сенатор Н.Абдуллаханов фермер А.Раҳимованинг фаолиятини янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашди.