Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ишчи гуруҳининг Сергели туманида олиб борган ўрганишлари натижасида 26 январь куни «Қубайта» маҳалласида илк оилавий меҳмон уйи фаолияти йўлга қўйилди. Қўмита масъуллари иштирокида Сергели тумани, Саъдий кўчаси, 5-4 уйда жойлашган «Аббосхоновлар» оилавий корхонаси томонидан ташкил этилган оилавий меҳмон уйининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. 

Мазкур оилавий меҳмон уйи 5 хона ва 10 ўринга мўлжалланган бўлиб, хонадон соҳибига оилавий меҳмон уйлари ва хостеллар ягона реестридан кўчирма тақдим этилиб, Тошкент шаҳар Туризмни ривожлантириш департаменти томонидан эсдалик совғалари топширилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 августдаги 631-сонли қарорига асосан туризм фаолияти субъектларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга доир қатор топшириқлар кўрсатиб ўтилган. 

Шу ўринда, минтақаларнинг сайёҳлик салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, дам олиш ва туризм учун шарт-шароитларни яхшилаш, туризм хизматлари кўрсатиш соҳасида янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳоли бандлиги ва фаровонлигини ошириш мақсадида Тошкент шаҳрида ҳам оилавий меҳмон уйлари фаолиятини йўлга қўйиш каби самарали ишлар амалга оширилмоқда. 

Тошкент шаҳрининг барча туманлари кесимида оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари давом этмоқда.