Аҳоли сонининг ортиб бориши, иқтисодий муносабатларнинг ривожланиши кўчмас мулк, шу билан бир қаторда ер участкалари билан боғлиқ турли шартномаларнинг тузилишига замин ҳозирлади.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2023-йил 23-октябрдаги “Ер тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-871-сон Қонун имзоланди ва шу йилнинг 25-октябридан кучга кирди. Ушбу Қонун ҳужжати билан Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди: Фуқаролик кодекси, Ер кодекси, “Мулкичилик тўғрисида”ги, “Ижара тўғрисида”ги, “Ипотека тўғрисида”ги, “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги ва бошқалар.

Киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни аҳоли эътиборига етказиш мақсадида баъзи тушунчаларга таъриф бериш жоиздир. Жумладан, сервитут ҳуқуқи – ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи.   Фуқаролик кодексининг 173-моддасига кўра, кўчмас мулк (ер участкаси, бошқа кўчмас мулк) эгаси қўшни ер участкасининг эгасидан, зарур ҳолларда эса — бошқа ер участкасининг эгасидан ҳам ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқини беришни талаб қилишга ҳақлидир. Яъни қўшнилар ўзларига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларидан фойдаланиш учун бир-бирларига, зарур ҳолларда эса бошқа шахсларга ҳам фойдаланишга беришга мажбурдирлар, бироқ бу чекланган тарзда амалга оширилади. Чекланган тарзда фойдаланишга берганликлари учун ҳақ олиш ҳуқуқига эгадирлар. Буни тартибга олиш мақсадида қабул қилинган Қонун ёрдамида фуқаролик қонунчилигига ўзгартириш ва қўшимлар киритилди.

Фуқаролар ва юридик шахслар (ташкилотлар) қуйидаги мақсадларда сервитут белгиланишини сўраб мурожаат қилишлари мумкин:

  • ўзганинг ер участкаси орқали пиёда ёки транспортда ўтиш;
  • ўзганинг ер участкасида дренаж ишлари ўтказиш;
  • ўзганинг ер участкасидан электр узатиш, алоқа линиялари ва трубопроводлар, ирригация, муҳандислик ва бошқа линиялар ҳамда тармоқлар ўтказиш ва улардан фойдаланиш;
  • ўзганинг ер участкасидан экинзор ва қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини суғориш учун сув олиш;
  • қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини ўзганинг ер участкаси орқали ҳайдаб ўтиш;
  • ўзганинг ер участкасида иҳота дарахтлари экиш ва табиатни муҳофаза қилишга тааллуқли бошқа объектлар барпо этиш.

Сервитут бошқа мақсадларда ҳам белгиланиши мумкин.

Демак, фуқаролар ва юридик шахслар юқорида санаб ўтилган мақсадларда сервитут борасида келишувга эришишлар ҳамда уни давлат рўйхатидан ўтказиш учун мурожаат қилишлари мумкин экан.

Юқорида номи келтириб ўтилган Қонуннинг қабул қилиниши муносабати билан Фуқаролик кодексига 1731-1737-моддалар киритилди. Ушбу нормалар орқали ер участкасига бўлган ҳуқуқ бошқа шахсга ўтказилганда сервитутнинг сақланиши, сервитут шартлари, сервитут учун ҳақ тўлаш, сервитут белгиланган ер участкасида муҳандиклик-коммуникация тармоқлари объектларини сақлаш, сервитут белгиланган ер участкасини бўлиш, сервитутни ўзгартириш ва бекор қилиш, бинолар, иншоотлар ва бошқа кўчмас мулкка сервитут белгилаш масалалари тартибга солинган.

Гарчи аввал ҳам Фуқаролик кодексининг 173-моддаси 6-қисмида сервитут белгиланган участканинг эгаси, агар қонунда бошқа тартиб назарда тутилган бўлмаса, сервитут кимнинг фойдасини кўзлаб белгиланган бўлса, ўша шахсдан участкадан фойдаланганлик учун мутаносиб ҳақ талаб қилишга ҳақлилиги қайд этилган бўлса-да, субъектлар доираси ҳамда сервитут белгиланган ер участкасига тўланадиган ер солиғи масаласи очиқ қолган эди. Эндиликда эса ушбу бўшлиқ бартараф этилди ҳамда ер участкасининг сервитут белгиланган қисми учун ер солиғи (ижара ҳақи) ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкаларининг ижарачилари ва мулкдорлари томонидан тўланиши, бунда сервитут учун тўланадиган (бир марталик ёки доимий) ҳақ миқдори сервитут амал қиладиган давр учун белгиланган ер солиғи (ижара ҳақи) суммасидан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди.

Бугунги кунда ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи (сервитут) тўғрисидаги келишувни давлат рўйхатидан ўтказиш давлат хизматлари маркази ёки my.gov.uz Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади. Бунинг учун жисмоний ва юридик шахслардан қуйидаги ҳаракатларни босқичма-босқич амалга ошириш талаб этилади:

  1. Ариза берувчи ЯИДХПда рўйхатдан ва/ёки авторизациядан ўтади ва сўров юборади
  2. Марказ cервитутни рўйхатдан ўтказади, тегишли реестрдан кўчирмани расмийлаштиради ва уни ваколатли органга юборади
  3. Марказ QR-код (штрихли код) қўйилган Реестрдан кўчирмани ариза берувчининг электрон манзилига жўнатади ва ариза берувчини бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. Ўзи келиб мурожаат қилганда Реестрдан кўчирмани ариза берувчига беради. 

2023-йил 29-октябр ҳолатига кўра, сервитут тўғрисидаги келишувни давлат рўйҳатидан ўтказишга оид 320 та ариза келиб тушган бўлиб, 12 та кўриб чиқиш жараёнида, 124 таси тугалланган, 77 таси рад этилган ва 66 таси бекор қилинган.

 

Шунингдек, Ер кодексига ҳам сервитут билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчалар (сервитут тўғрисидаги шартнома, сервитут иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, оммавий сервитут) киритилгани ҳолда ижара муносабатларига дахлдор нормалар ҳам акс эттирилди. Унга кўра, ер участкасини ижарага олиш шартномасини янги муддатга узайтириш тартиби белгиланди. Бундан ташқари жисмоний ва юридик шахслар электрон-онлайн аукцион орқали ижарага олган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларига нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятларни ижара муддатидан кўп бўлмаган муддатга бошқа шахсга ўтказиши (қайта ижарага бериш) мумкинлиги ўз ифодасини топди.   

“Ижара тўғрисида”ги Қонун эса ижара объектлари бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларни бошқа шахсга ўтказиш (қайта ижарага бериш)га доир алоҳида норма билан тўлдирилди. Унинг мазмуни қуйидагича: ижара муносабатларининг объектлари бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар ижарага берувчининг розилиги билан ижарага олувчи томонидан бошқа шахсга ўтказилиши (қайта ижарага берилиши) мумкин. Бироқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ижарага олувчи томонидан бошқа шахсга ўтказилиши (қайта ижарага берилиш) мумкин. Ушбу қоида қабул қилингунига қадар, қайта ижара масаласи кўп ҳолларда Фуқаролик кодексининг
546-моддаси билан тартибга солинган бўлиб, ушбу норма мавжуд муносабатни тўлиқ қамраб олмас эди. Бироқ эндиликда ушбу масала бартараф этилди. 

Хулоса ўрнида Ўзбекистон Республикасининг “Ер тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилинганлиги сервитут белгилаш билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга, ижара муносабатлари янада кенгайишига, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер эгалари ижарачилари ва мулкдорларининг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишига хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиздир.


М.Усмонова, 

ТДЮУ Фуқаролик ҳуқуқи кафедраси

катта ўқитувчиси, ю.ф.ф.д.