Қишлоқ туман марказидан 85 километр масофада жойлашган. Ҳудудга “Ҳисорак” сув омборидан сўнг фақат тоғда юришга мослашган махсус машиналарда етиб бориш мумкин.
Аҳоли вакиллари раҳбарлар билан мулоқотда ўзларини қийнаётган бир қатор муаммоларни қайд этишди.
— 1300 дан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган қишлоқдаги оилавий шифокорлик пунктида фақат 1 нафар врач, 8 нафар ўрта тиббиёт ходими фаолият кўрсатади. — дейди мазкур ОШП мудири Абдумалик Сафаров. — Шифокорга эҳтиёж катта. 2001 йилда қурилган пунктимиз биноси таъмирталаб аҳволга тушиб қолган. Энг яқин “Тез тиббий ёрдам” шохобчаси бу ердан 26 километр масофадаги Ғилон қишлоғида жойлашган. Бизга тоғли ҳудудда тиббий хизмат кўрсатиш учун махсус машина зарур. Фельдшер Абдикарим Азизов қишлоқда дорихона очиш ҳаракатида эканлиги, аммо ташкилий масалаларда муаммога дуч келганини қайд этди.
— Юртимизда олиб борилаётган катта ўзгаришлар нафаси нафақат марказда, балки аввало сизларники каби олис ҳудудларда яққол сезилиши зарур, — деди Амрилло Иноятов аҳоли билан мулоқотда. – Зеро халқимизни рози қилиб ишлаш – барчамизнинг асосий вазифамиз. Шу куни мазкур оилавий шифокорлик пунктига тиббий хизмат учун "Соболь" русумли замонавий йўлтанламас автомашина топширилди.
Муассаса биносини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш 2022 йил инвестициявий дастурига киритилди. Дорихона муаммосини ҳал этиш бўйича ҳам амалий ёрдам бериладиган бўлди.
Вазирнинг биринчи ўринбосари ҳудудда врачлар танқислиги муаммосини ҳал этиш учун Кўл, Ғилон ва атрофдаги бошқа қишлоқлар аҳолиси вакилларидан 10 нафар ёш йигит-қизни Самарқанд давлат тиббиёт институтида мазкур олий ўқув юрти ҳисобидан ўқитиб бериш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланишини маълум қилди.
Бу хушхабарлар қишлоқ аҳлини беҳад мамнун этди. Қишлоқ оқсоқоллари дуога қўл очиб, айни Рамазон кунларида бундай хайрли ишларнинг бошида турганларга миннатдорчилик билдирдилар.
Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш
бошқармаси ахборот хизмати.