Давлатимиз раҳбарининг соҳадаги ислоҳотлар тўғрисида йўллаган мурожаатида ва мактаб ўқитувчилари билан юзма-юз очиқ мулоқотида муҳим ташаббуслар, қимматли фикрлар, ҳаётий ҳақиқатлар ўртага ташланди, қатор вазифалар белгилаб берилди.
Аввалроқ эса, яъни якунига етган 2022 йилнинг 20 декабрь куни Юртбошимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида мактаб таълими тизимига, истиқболимиз эгалари камолига алоҳида урғу қаратилганди. 2023 йил “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб номланиши ҳам сўзимиз исботидир. Ёшлар – келажак бунёдкори, келажакни улар барпо этади. Шу маънода, бугун униб-ўсаётган ҳар бир ўғил-қиз юртнинг эртамиз суянчи ва таянчидир. Фарзандларимиз ҳар жиҳатдан етук, илму салоҳият соҳиблари сифатида изчил ислоҳотларнинг муносиб давомчиси ва орзу-умидларимиз рўёбчиси бўлиши таълим сифатини тақозо этиши, шубҳасиз. Зеро, “Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда. Чунки жамики эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади”, дея бежиз такрор-такрор таъкидланмаяпти.
Муҳтарам Президентимизнинг “Биринчи навбатда, эътиборни Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратамиз” ва “Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир”, деган ният ва иқрорлари халқ таълими соҳасининг ҳамма вакиллари қатори биз, наманганлик маорифчилар, фидойи устоз-муаллимлару мураббийларга янада қатъият, шижоат бағишлади. Қолаверса, Наманган мактаб таълими бўйича минтақавий марказ сифатида ўз ўрнини топаётгани, мактабларда хорижий тилларни ўқитиш сифатини ошириш юзасидан “Наманган тажрибаси” эътироф этилгани биз учун шараф, айни пайтда улкан масъулиятдир.
Дарҳақиқат, бугун таълим бошқа соҳалар каби тараққиёт талабларига ҳамоҳанг одимламоқда. Вилоятимиз ҳам янги даврга хос янгиланишларга интилмоқда. Маълумки, республикадаги аксарият мактабларда Президентимиз ташаббуси билан 1-4-синфларда Финландия тажрибаси асосида ўқитиш йўлга қўйилди. Тажриба учун вилоятимизда Наманган шаҳридаги 23-сонли мактаб танлаб олиниб, унинг 8 нафар бошланғич синф ҳамда 2 нафар малака ошириш ҳудудий маркази ўқитувчилари Тошкент шаҳридаги Абдулла Авлоний номидаги марказий малака ошириш институтида ўқитилди. Ҳозирда Финландия тажрибаси қўлланилаётган мактабнинг моддий-техник базасини яхшилаш чораси кўрилмоқда.
Бундан ташқари, вилоятдаги таълим сифати паст ҳамда олис ҳудудлардаги 34 та мактабнинг ўқувчилари учун нодавлат ўқув марказлари томонидан аутсорсинг усулида ўқув машғулотларини ўтиш тизими жорий этилиб, мазкур мақсад учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 2,1 млрд. сўм маблағ йўналтирилди. Вилоятимизда педагог кадрларнинг сифат таркибини яхшилаш, уларнинг халқаро даражадаги сертификатларга эришиш йўлидаги ҳаракатлар асло тўхтагани йўқ. Мисол учун, 2022 йилда малака тоифасига эга ўқитувчилар салмоғи ортди. Хусусан, олий тоифа 11 фоизга, биринчи тоифа 23 фоизга етказилди.
Аниқ рақамлар билан изоҳласак, ҳисобот йилида вилоятда 19 минг 746 нафар ўқитувчи малака тоифасини олишга даъвогарлик қилмоқда. Бу кўрсаткич ўтган 2021 йилга нисбатан 46,7 фоизга ошганидан далолат. Шунингдек, ҳозирда вилоят халқ таълими тизимида фаолият юритаётган хорижий тиллар, яъни инглиз, немис, француз тили фани ўқитувчиларининг 959 нафари ёки 29 фоизи халқаро IELTS, TKT, Aptis, TESOL, TOEFL ва унга мос даражадаги миллий сертификатларга эга. Табиийки, таълимдаги натижалар сифат ва самарадорлик билан баҳоланади. Шу жиҳатдан ёндашсак, 2021 – 2022 ўқув йилида жами 29 минг 997 нафар битирувчининг 8 минг 199 нафари ёки 27,4 фоизи олий таълим муассасаларига қабул қилинди. Айниқса, 1 минг 100 нафардан зиёд мактаб ўқувчилари машҳур халқаро олий ўқув юртларига муддатидан аввал ўқишга киришга муваффақ бўлгани қувонарли, албатта.
Тезкорлик ва ҳушёрлик мужассамлашган аср, давр шиддати, тарбия мураккаблашуви туфайли тинимсиз изланиш, таъсирчан методик услублар хусусида бош қотириш, замонавий билимларни чуқур ва мукаммал ўрганиш фаолиятимиз бош мезонига айланмоғи даркор. Бу борада эса олдимизга қўйган режаларимиз бисёр. Жумладан, 2023 йил якунига қадар “Узлуксиз касбий ривожлантириш” тизими орқали 8 минг 634 нафар педагог малакасини оширишни, “Мобиль методик гуруҳ” кўмагида таълим сифати паст бўлган 6 та мактаб ўқитувчилари билимидаги бўшлиқларни тўлдиришни, Наманган шаҳридаги 23-мактабда Финландия тажрибасини татбиқ этишнинг 1-босқичини муваффақиятли бажаришни кўзлаганмиз.
Вилоятдаги олий тоифали ўқитувчиларни амалдаги 11,4 фоиздан – 15,4 фоизга, биринчи тоифалиларни 22,8 фоиздан – 25,8 фоизга етказишга киришдик. Ўқувчилар салоҳиятини юксалтириш, умумтаълим фанларига доир билимларини синаш учун 9-11-синф ўқувчилари ўртасида “STEAM-физика, география, кимё, биология ва математика”дан фан олимпиадасини ўтказиш режалаштирилган. Зиммамизда устувор вазифалар турибдики, битирувчиларнинг олий таълимга қамровида янада яхши натижаларга эришиш, нуфузли ва халқаро олий ўқув юртлари билан интеграциялашувни таъминлаш, ҳамкорликни кучайтириш, ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш билан боғлиқ ташаббуслар қамровини кенгайтиришга аҳд қилганмиз.
Ҳа, Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади. Ривожланишга тамал тоши саналмиш пойдеворни мустаҳкам қўйилса, баланд марраларни забт этиш ва дадил қадам ташлашга замин туғилади. Президентимиз Мурожаатномада: “Ўқувчиларда эркин ва креатив фикрлашни, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш зарур”, “Мана, мактабларимизга қандай муҳит кириб келиши керак!”, “Шу боис, 2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилишни бошлаймиз”, деган чорловлари фаолиятимиз учун дастуриламал ҳисобланади.
Ўз навбатида, барча мактаб жамоаларига юзланиб: “Жондан азиз болаларимиз мактабдан чет тилларни, касб-ҳунар ва компьютер саводхонлигини пухта ўрганиб чиқса, биласизларми, жамиятимиз қандай ўзгаради? Янги Ўзбекистонда мактаб жамоалари ва муаллимларининг масъулияти – айнан ана шу масалаларда яққол намоён бўлади. Ва мен ишонаман – сиз, жонкуяр ўқитувчиларимиз бу вазифани шараф билан уддалайсизлар”, дея ишонч билдирдилар.
Давлатимиз раҳбари соҳадаги ислоҳотлар ҳақида йўллаган мурожаатида ва мактаб ўқитувчилари билан юзма-юз очиқ мулоқотида уқтирганидек, таълимга жиддий эътибор беришимиз, ҳар куни ўз устимизда ишлашимиз шарт. Бугун дарсликлар ўзгаряпти. Ўқитувчилар ҳам ўзгариши керак. Бугун кечагидек дарс беришни қабул қилиб бўлмайди. Буни ота-оналар ҳам, ўқувчилар ҳам қабул қилмайди. Ота-оналарнинг ҳам масъулиятини оширишимиз керак. Дарвоқе, юқоридаги тадбирларнинг эртасигаёқ Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқовнинг бир гуруҳ таълим вакиллари – ўқитувчилар билан учрашуви ва очиқ мулоқоти ўтказилгани, унда фин тажрибаси вилоятдаги барча шаҳар ва туманларда биттадан мактабда татбиқ этилиши маълум қилингани ҳам масаланинг нечоғли аҳамиятли эканлигини англатади.
Анваржон МАҲКАМОВ,
Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи