Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Унда Шарда университети Ҳиндистоннинг етакчи хусусий олий таълим муассасаларидан бири эканлиги таъкидланди.

Маълумки, 2019 йил октябрь ойида Андижон шаҳрида Шарда университети филиали ўз фаолиятини бошлади. Ҳозирги вақтда мазкур университетда 200 га яқин ёшлар таҳсил олмоқдалар.

Учрашув чоғида Андижондаги университетнинг бугунги кундаги фаолияти ва олдинда турган режалар хусусида фикр алмашилди.

Хусусан, Шарда университети вакили мамлакатимизда барча соҳаларда яратилган қулай шарт-шароит ва имкониятларни алоҳида таъкидлаган ҳолда яқин истиқболда Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ниятини маълум қилди.

Бу борада «Sharda Hospital» кўп тармоқли университет клиникаси иштирокида республикамиздаги тиббиёт олий ўқув юртларининг бири негизида тегишли клиникани ишга тушириш бўйича инвестицион лойиҳасини амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди.

Ашок Даряни ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилиш мақсадида Шарда университети президенти Прадип Гупта бошчилигидаги делегациянинг жорий йил сентябрь ойида Ўзбекистонга ташрифини амалга оширишга тайёрлигини маълум қилди, деб хабар беради Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси матбуот хизмати.