Бугун 16 июнь куни “O‘ztemiryo‘lyo‘lovchi” акциядорлик жамияти томонидан “Тошкент” марказий темир йўл вокзалидан Тошкент – Қарши – Тошкент йўналишида ҳаракатланадиган “Насаф” ҳамда Тошкент – Бухоро – Тошкент йўналишида қатновчи “Шарқ” йўловчи поездларининг ҳаракатланиши йўлга қўйилди.
Хабарингиз бор, дастлаб, жорий йилнинг 18 май кунидан бошлаб Тошкент шаҳридан Навоий, Бухоро ҳамда Қарши шаҳарларига “Аfrosiyob” юқори тезликда ҳаракатланадиган поездлар ҳамда Фарғона водийсига тезюрар йўловчи поездлар қатнови (бориш ва қайтиш) қайта йўлга қўйилган эди. 15 июнь кунидан эса “Тошкент” жанубий темир йўл вокзалидан Тошкент – Термиз – Тошкент, Тошкент – Хива – Тошкент ҳамда Тошкент – Нукус – Тошкент йўналишида ҳам қатновлар қайта тикланди.
Маълумки, ушбу поездлар карантингача “Тошкент” жанубий темир йўл вокзалидан ҳаракатланиши амалга оширилиб, йўловчиларни ўз манзилига етказиб қўйган бўлса, эндиликда карантин муддати тугагунга қадар бу поездлар “Тошкент” марказий темир йўл вокзалидан қатнайди. Бунинг боиси эса “Тошкент” жанубий темир йўл вокзалидан ҳаракатланадиган поездлар сони “Тошкент” марказий темир йўл вокзалидагига қараганда бир мунча кўпроқ. Шу боис пандемия даврида карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилинишини таъминлаш мақсадида шу қарорга келинди.
Ҳаракат жадвалига кўра, Тошкент – Қарши – Тошкент йўналишидаги “Насаф” поездлари ҳар куни эрталаб соат 08:52 да “Тошкент” марказий темир йўл вокзалидан ва куннинг иккинчи ярмида, яъни соат 17:00 да “Қарши” темир йўл вокзалидан ҳаракатланади. Тошкент – Бухоро – Тошкент йўналишидаги “Шарқ” поездлари эса ҳар куни эрталаб соат 09:15 да “Тошкент” марказий темир йўл вокзалидан ҳамда куннинг иккинчи ярмида, яъни соат 16:10 да “Бухоро” темир йўл вокзалидан ҳаракатини амалга оширади. Ушбу поездлар пойтахтга қайтиб келганда ҳам “Тошкент” марказий темир йўл вокзалига келади.
Йўловчилар учун яна бир қулайлик, улар чипталарни ортиқча оворагарчиликсиз, кассаларга келмасдан, нақд пул ишлатмасдан, электрон тарзда харид қилишлари ҳам мумкин.
Поездлар йўлга чиқишдан олдин депода ҳамда манзилга етиб боргач йўловчилар вагонлардан тўлиқ тушиб кетгандан сўнг дезинфекция ишлари амалга оширилади. “”Вокзал маъмурияти томонидан йўловчиларнинг вокзалга ҳамда поезд вагонларига кираётганида карантин ва санитария ҳамда эпидемиология қоидаларига қатъий амал қилишларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Дезинфекция қурилмалари ва тепловизир ёрдамида ҳар бир йўловчининг тана ҳарорати ўлчаниб, бир марталик тиббий ниқоб ҳамда қўлқоплар бериляпти.
Рустам ҲАЙДАРОВ